Адолат — тараққиёт ва ишонч таянчи
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда Президент Шавкат Мирзиёев мустақиллик, инсон қадри, суд мустақиллиги ва қонун устуворлигининг жамият тараққиётидаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.
Зеро, ҳар йили 1 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни халқимиз томонидан юксак ифтихор ва шукроналик билан нишонланади. Бу қутлуғ сана нафақат миллий давлатчилигимиз ва эркинлигимиз тимсоли, балки мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўли, эришилган ютуқлар ва келгуси мақсадларни сарҳисоб қилиш учун ҳам муҳим тарихий фурсатдир.
Мустақиллик бизга нафақат миллий давлатчилигимизни тиклаш, балки инсон қадри, қонун устуворлиги ва адолат тамойилларига асосланган жамият барпо этиш имкониятини берди. Ўтган йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг замирида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, халқ фаровонлигини ошириш ҳамда адолатли давлат қуриш мақсади мужассам. Президентнинг тантанали маросимдаги нутқида суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини умумий қадриятга айлантиришга қаратилган вазифаларнинг белгиланиши ҳам ушбу эзгу мақсадларнинг мантиқий давомидир.
Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 14 августдаги ПФ-160-сон Фармони билан «Одил судлов – 2030» Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тасдиқланди. Мустақиллик байрами арафасида қабул қилинган мазкур ҳужжат инсон қадрини улуғлаш ва бузилган ҳуқуқларни суд орқали самарали тиклаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканини яна бир бор тасдиқлади.
Стратегия суд тизимини ислоҳ қилишнинг олтита муҳим устунини белгилаб берди. «Халқчил суд» судлар фаолиятининг очиқлиги ва аҳолига яқинлигини таъминлашга, «Адолат қўрғони» ҳар қандай таъсир ва аралашувдан холи мустақил одил судловни мустаҳкамлашга қаратилган. «Кафолатланган адолат» қонуний, асослантирилган ва барқарор суд қарорларини қабул қилишни, «Адолат посбонлари» эса юксак маънавий ва касбий фазилатларга эга судьялар корпусини шакллантиришни назарда тутади. «Рақамли одил судлов» суд хизматларини замонавий технологиялар асосида қулайлаштирса, «Халқаро эътироф» илғор халқаро стандартларни миллий суд амалиётига жорий этишга хизмат қилади.
Фармонда фуқаролар ва тадбиркорлар учун амалий аҳамиятга эга бўлган бир қатор аниқ ислоҳотлар белгиланган. Жумладан, 2027 йил 1 июлдан умумюрисдикция ва маъмурий судлар йўналишида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга ҳудудлараро судлар ташкил этилади. Бу қуйи судлар қарорларини қайта кўриб чиқишда холислик ва самарадорликни оширишга, бузилган ҳуқуқларни ўз вақтида тиклашга хизмат қилади.
2027-2030 йилларда барча ҳудудларда фуқаролик ишлари бўйича туман ва шаҳар судларини ташкил этиш режалаштирилган. Бу, айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолининг суд ҳимоясидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Фуқаро ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун узоқ масофага боришга ва ортиқча вақт ҳамда маблағ сарфлашга мажбур бўлмаслиги керак.
Яна бир муҳим янгилик – 2027 йил 1 августдан ягона суд амалиётини шакллантирувчи Олий суд Раёсати қарорларини очиқ эълон қилиб борувчи «Прецедентлар» реестрининг жорий этилишидир. Суд қарорларининг очиқлиги фуқаролар ва тадбиркорларга қонун қандай қўлланилаётганини олдиндан тушуниш имконини беради. Бу ҳуқуқий аниқликни оширади, турлича суд амалиётининг олдини олади ва судларга бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
2030 йилга қадар суд биноларида «ягона дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатиш офислари босқичма-босқич ташкил этилади. Уларда фуқароларга зарур ахборот бериш, процессуал мурожаатларни қабул қилиш, ташкилий ёрдам кўрсатиш ва рақамли суд хизматларидан фойдаланишда амалий кўмаклашиш назарда тутилган. Шунингдек, 2027 йил якунига қадар my.sud.uz интерактив хизматлар портали такомиллаштирилиб, унинг янгиланган мобил иловаси ишга туширилади, судга мурожаат намуналарини тайёрлаш ва суд ҳужжатларини интерактив излаш имкониятлари кенгайтирилади.
Судга мурожаат қилишдаги ортиқча расмиятчиликларни қисқартириш ҳам Стратегиянинг муҳим йўналишидир. Эндиликда иш муайян суднинг судловига тегишли эмаслиги сабабли аризани қайтариш амалиётидан воз кечиб, уни суднинг ўзи тегишли судга ўтказиши назарда тутилмоқда. Даъво аризасида жузъий ёки формал камчиликлар бўлса, уни дарҳол қайтариш ўрнига, камчиликларни суднинг фаол кўмагида бартараф этиш тартиби жорий қилинади. Бу фуқароларнинг ҳуқуқий билим ёки техник хато сабабли суд ҳимоясидан маҳрум бўлиб қолишининг олдини олади.
2028 йил 1 январдан иқтисодий суд ишларини юритишда «иқтисодий ишларни проактив бошқариш» стандарти жорий этилиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Унга кўра, судья ишни кўриш жараёнида аниқланган жузъий камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради. Натижада иқтисодий низоларни ҳал этиш тезлашади, тадбиркорлар ва инвесторларнинг вақти ҳамда харажатлари тежалади. Низоларнинг тезкор ва адолатли ҳал қилиниши эса инвестиция муҳитининг барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатади.
Стратегияда одил судлов сифатини баҳолаш индикаторларини ишлаб чиқиш ва ҳар йили Ўзбекистонда одил судлов сифати индексини эълон қилиш вазифаси ҳам белгиланган. Бу суд тизимидаги ўзгаришларни аниқ натижалар асосида баҳолаш, мавжуд камчиликларни очиқ кўрсатиш ва ислоҳотларнинг жамият ҳаётига таъсирини кузатиб бориш имконини беради.
Ушбу ислоҳотлар фақат суд тизимининг ички тузилишини ўзгартириш билан чекланмайди. Улар инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорлик хавфларини камайтириш ва жамиятда қонунга ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган. Тадбиркор суд қарорининг қонуний ва барқарор бўлишига ишонса, фаолиятини кенгайтиради. Инвестор шартнома ва мулкий ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишига ишонса, мамлакат иқтисодиётига сармоя киритади. Фуқаро эса бузилган ҳуқуқи тез ва адолатли тикланишини ҳис қилса, давлатга ишончи ортади.
Юридик фанлар доктори Зафар Бабакулов