“35 йиллик шарафли йўл” танлови ғолиблари тақдирланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими томонидан ташкил этилган “35 йиллик шарафли йўл” ижодий танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, халқ ҳаёти ва Бухоро вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий тараққиётини ёритишда журналист ва ижодкорларнинг ҳиссаси алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими раиси Гулшода Иброҳимова танловга тақдим этилган ижодий ишлар ҳақида тўхталиб, уларда мустақиллик йилларидаги ўзгаришлар, халқ ҳаёти ва Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси маҳорат билан акс эттирилганини қайд этди.
Тадбир давомида тўрт нафар фаол ижодкорга Журналистлар уюшмаси аъзолик гувоҳномалари топширилди. Шу тариқа, вилоятдаги уюшма аъзолари сони 70 нафардан ошди.
[gallery-31148]
Танловга 20 дан ортиқ иштирокчидан 50 га яқин ижодий иш келиб тушган. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, “Мустақиллик солномаси” номинациясида Мирзоқул Аҳадов, “Қадим ва навқирон Бухоро” номинациясида “Бухоро оқшоми” газетаси муҳаррири Ибодат Ражабова, “Ўзбекистон: 35 йиллик шарафли йўл” номинациясида “Бухоро” телерадиоканали муҳаррири Меҳрибон Зарипова ғолиб деб топилди.
Ғолиблар ва фаол иштирок этган бир гуруҳ ижодкорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА