Ёнғинга қарши ҳимоя тизимлари бўйича норматив ҳужжатлар кучайтирилмоқда
Пойтахтимизда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамкорлигида бино ва иншоотларнинг ёнғинга қарши ҳимоя тизимларига қўйиладиган талабларни замонавий халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ҳамда соҳанинг меъёрий-техник базасини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда республикада ёнғин хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш, маънан эскирган технологиялардан босқичма-босқич воз кечиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги миллий норматив ҳужжатларни илғор халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, аналог турдаги, яъни манзилсиз ёнғин хабарлагичларини босқичма-босқич муомаладан чиқаришнинг техник ва меъёрий асослари атрофлича таҳлил этилди. Шунингдек, объектларнинг функционал хусусиятлари ва ёнғин хавфи даражасини инобатга олган ҳолда, уларда манзилли ҳамда манзилсиз ёнғин хабарлагичларидан фойдаланиш бўйича лойиҳалаш талабларини такомиллаштириш юзасидан асосланган таклифлар ишлаб чиқиш вазифалари белгилаб олинди.

Қайд этилганидек, мазкур чора-тадбирлар бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, техник ечимларни янгилаш ҳамда соҳанинг меъёрий-техник базасини халқаро ёндашувларга уйғунлаштиришга қаратилган.
Г.Бобоева,
ЎзА