Австрия компанияси билан сув тежовчи технологиялар бўйича ҳамкорлик кенгаймоқда
Қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш тобора долзарб масалага айланмоқда.
Бу борада сув тежовчи замонавий технологияларни кенг жорий этиш, хорижий тажриба ва инновацион ечимларни амалиётга татбиқ қилиш аграр соҳани ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Австриянинг «Bauer» компанияси молиявий масалалар бўйича директори Андреас Шиттер билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва “Bauer” компанияси ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболдаги йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, мамлакат қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, мавжуд имкониятлар ва келгусидаги вазифалар атрофлича кўриб чиқилди.
Суҳбатда замонавий ёмғирлатиб суғориш технологияларидан фойдаланиш орқали сув сарфини камайтириш, суғориш самарадорлигини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим ҳужжат имзоланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА