Қашқадарёда хавфсизлик ва профилактика тадбирлари давом этмоқда
Қашқадарё вилоятида аҳоли, ёшлар ва сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жамоат тартибини сақлашга қаратилган профилактик тадбирлар давом этмоқда.
Вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан туризм ҳудудларида маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг тинч, осойишта ва хавфсиз дам олишини таъминлаш мақсадида доимий патруль назорати йўлга қўйилган. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактик тадбирлар ўтказиш, сайёҳларга ахборот ва амалий кўмак кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Мираки сайёҳлик масканида хорижий сайёҳларга Туризм полицияси ходимлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, бозор ҳудудида фуқаролар билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилиб, жамоат тартибини сақлаш ва сайёҳлар учун хавфсиз ҳамда қулай муҳит яратиш юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Профилактика ишлари аҳоли ўртасида киберхавфсизлик масалалари бўйича ҳам ташкил этилмоқда. Мираки маҳалласида ўтказилган тарғибот тадбирида фуқароларга интернет фирибгарлигидан ҳимояланиш, шубҳали ҳаволаларни очмаслик, сохта қўнғироқ ва хабарларга ишонмаслик, банк картаси маълумотлари ҳамда SMS-кодларни бегона шахсларга бермаслик бўйича тушунтиришлар берилди. Фуқароларнинг мобил қурилмаларига “APK Қўриқчи” иловаси ўрнатилиб, зарарли APK файлларидан ҳимояланиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди.

Шу билан бирга, 25 сентябрь куни Ижтимоий фанлар факультетининг Санъатшунослик кафедрасида таҳсил олаётган 1–3-босқич талабалари иштирокида “Огоҳлик – давр талаби” мавзусида профилактик тадбир ўтказилди. Унда институт профилактика инспекторлари, психолог, факультет хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳамда вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари иштирок этди.

Тадбирда талабаларга одам савдоси ва гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари, оммавий ахборот хуружлари, психологик ҳолатни барқарорлаштириш, жиноятчиликнинг олдини олиш, институт ички тартиб-қоидалари ҳамда одоб-ахлоқ кодексининг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири