Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига аҳолидан қандай мурожаатлар тушмоқда?
Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига қандай эътибор қаратилмоқда?
ИИВ ахборот хизмати раҳбари ўринбосари Нилуфар Бегматова шу ҳақда маълумот берди:
– Мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда барча ҳаракат иштирокчилари учун хавфсиз ва қулай шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Юртимизда кузатилаётган иқтисодий ўсиш ва транспорт воситаларининг импортига жорий этилган имтиёзлар туфайли ҳар йили транспортлар сони 500-600 мингтага кўпаймоқда.
Мазкур омиллар давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати соҳаси билан боғлиқ мурожаатлар салмоғи кўпайишига сабаб бўлмоқда.
2026 йил 7 ойи давомида жисмоний ва юридик шахслар ва уларнинг вакиллари томонидан 43 минг мурожаат келиб тушди. Уларнинг 33 минг 875 таси қаноатлантирилди, 9 минг 105 тасига тегишли тушунтириш берилди, 50 таси кўрмасдан қолдирилган бўлса, 54 таси рад этилган ва 62 таси тугатилган.
Мурожаатларни ўз вақтида қонуний ҳал қилиш ва фуқароларнинг ортиқча овора бўлмаслиги мақсадида жорий йилнинг 7 ойи давомида жойларда ўтказилган 117 та “сайёр қабул”да жами 812 нафар фуқаронинг мурожаати эшитилди. 124 таси жаримани бекор қилиш, 113 таси транспорт воситасини жарима майдонидан чиқариш, 38 таси транспорт воситасини рўйхатга олиш ва техник кўрикда ўтказиш, 31 таси транспорт воситасини қидириш ва қайтариш, 294 таси светофор, йўл белгиларини ўрнатиш, сунъий нотекисликлар ўрнатиш, 21 таси ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, 43 таси мурожаатда келтирилган ҳудудда рейд тадбирларини ташкил қилиш, 22 таси миннатдорлик, 86 таси бошқа масалаларга оид бўлди.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, келиб тушаётган мурожаатлар салмоғини камайтиришга доир бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2026 йил 1 июндан автомототранспорт воситаларини жарима майдончасидан олиб чиқиш бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари портали, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мобил иловаси ёки давлат хизматлари марказлари орқали электрон мурожаат қилиш имконияти белгиланган.
Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 апрелдаги 208-сон қарори билан тасдиқланиб, “Фуқароларга қулайлик яратиш ва ортиқча оворагарчиликларни бартараф этиш мақсадида автомототранспорт воситаларини жарима майдончасидан электрон тартибда олиб чиқиш” имконияти яратилди.
Давлат хизматларини кўрсатишда қулайлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштириш билан боғлиқ жараёнларни рақамлаштириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб, электрон мурожаат қилиш имконияти йўлга қўйилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ҳаракат иштирокчиларининг вақтини тежаш ва ортиқча оворагарчиликдан қутулиш ҳамда хавфсиз ҳаракат қилишлари учун бир қатор қулайликлар яратилди. Хусусан, 15 минг 223 йўл белгиси, 162 светофор ўрнатилди, 1,8 миллион метр квадратга яқин йўл чизиқлари чизилиб, ҳаракат иштирокчилари учун йўлларда хавфсиз ва равон ҳаракатланиш учун қулайликлар яратилди.
783 мактабда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш синфхоналари ташкил этилди. Ҳар куни 1,5 мингдан ортиқ йўл-патруль хизмати ходимлари йўл бўйида жойлашган 3 минг 334 умумтаълим мактаблари олдида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилди.
Натижада мазкур мактаблар олдида болалар иштирокида содир этилиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга эришилди.
Н.Абдураимова, ЎзА