Хоразмда яшириб қўйилган икки бола онасига қайтарилди
Мажбурий ижро бюросининг Урганч тумани бўлими давлат ижрочилари томонидан суд ҳужжасининг ижроси таъминланиб, икки нафар вояга етмаган фарзанд онасига қайтарилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2025 йил 18 августдаги ижро варақасига асосан, жавобгар А.М. тарбиясида бўлган икки нафар вояга етмаган фарзандни онаси Ю.З. тарбиясига олиб бериш белгиланган.
Суд ҳужжатини ижро этиш доирасида давлат ижрочиси томонидан жавобгарга фарзандларини онасига ихтиёрий равишда топшириш зарурлиги бир неча бор тушунтирилиб, тегишли тартибда огоҳлантирилган. Бироқ у фарзандларини онасига топширишдан бош тортиб, уларни турли жойларга яширган.
Шундан сўнг Мажбурий ижро бюроси бошқармасининг Қидирув шўъбаси ходимлари Урганч тумани бўлими давлат ижрочиси У. Бекчанов билан ҳамкорликда қидирув ва ижро ҳаракатларини амалга оширди.
Ўтказилган чора-тадбирлар натижасида 10 ёшли қизалоқ қишлоқдаги яқин қариндошининг уйидан, 7 ёшли бола эса чекка ҳудудда жойлашган чорва фермасидан топилди.
Икки нафар вояга етмаган фарзанд белгиланган тартибда онасига топширилиб, суд ҳужжасининг ижроси таъминланди.
Мазкур ҳолат суд ҳужжатларини ўз вақтида ва тўлиқ ижро этиш, айниқса, вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА