Энг яхши профилактика инспекторлари аниқланди
Навоийда “Энг яхши профилактика инспектори” танловининг ҳудудий саралаш босқичи ўтказилди.
Бундай танловларни мунтазам ташкил этиш ходимларнинг хизматга бўлган масъулиятини янада ошириш, ўз устида ишлашга бўлган интилишини кучайтириш, касбий салоҳиятини юксалтириш ҳамда хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришишида муҳим аҳамият касб этаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Танловда ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимларнинг жисмоний тайёргарлиги, жанговар кўникмалари, психологик барқарорлиги, шунингдек, соҳага оид билим ва малакалари белгиланган мезонлар асосида синовдан ўтказилди.

Мусобақа жараёнида ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришга тайёргарлиги, турли вазиятларда тезкор ва тўғри қарор қабул қилиши, касбий билимлари ҳамда амалий кўникмалари ҳар томонлама баҳолаб борилди. Ҳар бир йўналиш бўйича қайд этилган натижалар умумлаштирилиб, якуний рейтинг шакллантирилди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни Қизилтепа тумани вакили, капитан, С. Тойиров, 2-ўринни Нурота тумани вакили, капитан Б. Эсанов ва 3-ўринни Хатирчи тумани вакили, катта лейтенант Л. Нурмуродов эгаллади.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири