“Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари”
Бу йил мустақиллигимизнинг 35 йиллиги кенг шодиёна қилинади. Шу мақсадда юртимиз бўйлаб қатор янги лойиҳалар, тадбирлар, маънавий-маърифий учрашувлар ташкил этилмоқда. Ёшларга истиқлолимизнинг мазмуни, аҳамияти, бу даврда эришилган ютуқ ва марралар кенг тушунтирилмоқда.
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан жорий йилнинг июнь–август ойлари давомида республикамиздаги барча болалар оромгоҳларида “Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари” шиори остида маданий-маърифий лойиҳа ўтказилади.
Лойиҳа Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда "Маърифат" тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида амалга оширилади.
Лойиҳа доирасида таниқли олимлар, ижодкорлар, тарғиботчилар, санъаткорлар ва жамоат арбоблари иштирокида учрашувлар, маънавий-маърифий суҳбатлар, китобхонлик кечалари, интеллектуал ўйинлар, ижодий танловлар, концерт дастурлари ҳамда турли қизиқарли тадбирлар ташкил этилади.
Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришдан иборатдир. Шу мақсадда ташкил этиладиган тадбирлар орқали болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига, уларда миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтиришга, Янги Ўзбекистон тараққиётига дахлдорлик ҳиссини шакллантиришга кўмаклашилади.
М.Комилова, ЎзА