Болаларга ҳаёт ва умид улашувчи акция
Аввал хабар берилганидек, 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан “Бор меҳримиз сенга, болажон!” беғараз донорлик акцияси ўтказилмоқда.
Мазкур акция доирасида партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова бошчилигидаги партия фаоллари Болалар гематологияси, онкологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб, у ерда даволанаётган болажонлар ҳолидан хабар олди.
[gallery-29784]
Бугунги кунда ушбу илмий-амалий тиббиёт марказида 220 нафар бола даволанмоқда. Партия вакиллари улар билан суҳбатлашиб, соғлиқлари, даволаниш жараёни ва улар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан бемор болажонларга партия томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир давомида “Бор меҳримиз сенга, болажон!” беғараз донорлик акцияси доирасида жамғарилган қон маҳсулотлари Болалар гематологияси, онкологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказида даволанаётган бемор болажонлар эҳтиёжи учун бепул йўналтирилиши маълум қилинди. Бу ташаббус оғир касалликлар билан курашаётган болаларнинг соғайишига кўмаклашишда муҳим аҳамиятга эга.
Келажагимиз бўлган болалар саломатлигини асраш, айниқса, оғир хасталик билан курашаётган болажонларга кўмак бериш, уларнинг кўнглини олиш энг катта савоб амаллардандир. Шу маънода “Адолат” СДП томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур донорлик акцияси қонга муҳтож бемор болаларга амалий ёрдам кўрсатиш билан бир қаторда жамиятда меҳр–оқибат, инсонпарварлик, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлайди. Аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини кенг тарғиб этиш, ижтимоий масъулиятни амалда қарор топтиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА