Судьяликка тайёргарлик: одил судловнинг мустаҳкам пойдевори
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсадларидан бири, мустақил, холис ва юқори малакали судьялар корпусини шакллантиришдир. Бу вазифани самарали амалга ошириш эса, аввало, судьялик лавозимига муносиб кадрларни танлаш ва тайёрлаш тизимини такомиллаштиришни тақозо этади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2025 йил 21 августдаги “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этди. Мазкур ҳужжат билан суд тизими учун халқаро стандартларга мос, замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрларни тайёрлашнинг мутлақо янги механизми жорий этилди.
Фармонда таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, бўлажак судьяларда мустақил фикрлаш, холислик, адолат ва юксак касбий маданиятни шакллантириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Мазкур вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси марказий ўрин эгаллайди. Академияда судьялик лавозимларига номзодларни касбий қайта тайёрлаш курслари ташкил этилган бўлиб, улар судьялик фаолияти учун зарур назарий билим ва амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган.
Айни пайтда Академиянинг 2026/2027 ўқув йили учун касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул жараёнлари давом этмоқда. Жорий йилнинг 3 июнь ҳолатига кўра, танловда иштирок этиш истагини билдирган 418 нафар талабгор ҳужжат топширган. Бу эса судьялик касбига қизиқиш ва масъулиятли ҳуқуқшунос кадрлар сафининг кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Таҳлилларга кўра, талабгорларнинг 227 нафари жиноят ҳуқуқи, 104 нафари фуқаролик ҳуқуқи, 51 нафари иқтисодий ҳуқуқ ва 36 нафари маъмурий ҳуқуқ ихтисослиги бўйича ҳужжат тақдим этган. Ҳудудлар кесимида эса Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Наманган вилоятлари етакчилик қилмоқда.
Судьялик — нафақат чуқур ҳуқуқий билим, балки юксак маънавий фазилатлар, мустақил фикрлаш ва катта масъулият талаб этадиган касб. Шу боис, касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш жараёнида номзодларнинг билим даражаси билан бир қаторда, уларнинг ахлоқий сифатлари ва судьялик мақомига муносиблигига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бу эса келгусида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қила оладиган профессионал судьялар корпусини шакллантиришга хизмат қилади.
Ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлида суд ҳокимиятининг ўрни беқиёс. Суд тизимининг самарадорлиги эса, биринчи навбатда, унда фаолият юритувчи кадрларнинг салоҳияти билан белгиланади. Шу маънода, Одил судлов академиясида ташкил этилаётган касбий қайта тайёрлаш курслари мамлакатимизда адолатли ва самарали судлов тизимини таъминлашга қаратилган муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
ЎзА