Янги Ўзбекистон – глобал ташаббуслар ва барқарор иқтисодий тараққиёт маркази
Муносабат
Бугунги кунда Самарқанд нафақат тарихий шаҳар, балки дунёнинг молиявий ва иқтисодий сиёсати белгиланадиган йирик халқаро платформага айланди. Буни Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилари кенгашининг 59-йиллик йиғилишида Президентимиз томонидан илгари сурилган ғоялар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар миолида ҳам кўриш мумкин.

Хусусан, тарихан қисқа давр ичида Ўзбекистон иқтисодиёти 50 миллиард доллардан 147 миллиард долларгача ўсгани, 150 миллиард долларлик хорижий инвестициялар жалб қилингани – бу шунчаки рақамлар эмас, балки тизимли меҳнат ва тўғри танланган стратегик йўлнинг самарасидир.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида алоҳида таъкидлаганидек, бизнинг бош мақсадимиз 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш ва аҳоли даромадлари ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига киришдир. Бу борада Қонунчилик палатаси вакиллари сифатида биз иқтисодий эркинликни таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва инвестиция муҳитини янада жозибадор қилишга қаратилган ҳуқуқий базани мустаҳкамлашда давом этамиз. Айниқса, камбағаллик даражасини 35 фоиздан 5,8 фоизга тушириш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётгани, “инсон қадри учун” тамойилининг амалий ифодаси дейиш мумкин.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, бугунги замонавий дунёда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект иқтисодий ўсишнинг асосий драйверига айланмоқда. Президентимиз томонидан илгари сурилган “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури ва Тошкентда ОТБнинг минтақавий мувофиқлаштириш марказини очиш таклифи, Ўзбекистоннинг глобал технологик жараёнларда фаол иштирок этишга тайёрлигини кўрсатади. Биз инновация ва билимларга асосланган янги иқтисодий моделга ўтар эканмиз, бу жараёнлар 2040 йилга бориб халқаро савдо айланмасини сезиларли даражада оширишга хизмат қилиши шубҳасиздир.
Энергетика хавфсизлиги ва “яшил” иқтисодиёт масаласи ҳам давлат раҳбари маърузасидаги марказий мавзулардан бири бўлди. Ўзбекистон 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказишни мақсад қилган. Бу нафақат экологик барқарорлик, балки саноат учун арзон ва тоза энергия демакдир. Марказий Осиё – Европа “яшил” энергетика коридорини яратиш ташаббуси эса минтақамизнинг глобал энергетика харитасидаги ролини бутунлай ўзгартиради. Мен халқ вакили сифатида ушбу лойиҳаларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни қўллаб-қувватлашни ўз бурчим деб биламан.
Логистика ва транспорт масалалари бугунги геосиёсий вазиятда стратегик аҳамият касб этмоқда. Шу боис, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилишининг бошланиши ва “Рақамли божхона ва логистика альянси”ни ташкил этиш таклифи юк ташиш харажатларини камайтириш ва минтақамизнинг транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Бу эса тадбиркорларимиз учун янги бозорлар очилиши ва маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт имкониятлари кенгайиши демакдир.
Шунингдек, Ўзбекистон ўз қазилма бойликлари, хусусан, критик минераллардан оқилона фойдаланиш орқали юқори қўшилган қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни мақсад қилган. “Критик минералдан – ишлаб чиқаришга” дастури ва “Келажак металлари технопарки” каби лойиҳалар мамлакатимиз саноатини янги босқичга олиб чиқади. Бу жараёнда ОТБ билан имзоланган 12 миллиард долларлик янги ҳамкорлик дастури стратегик аҳамиятга эга бўлиб, иқтисодиётимизнинг барча тармоқларини технологик янгилаш имконини беради.
Шу билан бирга, туризм соҳасидаги ислоҳотлар натижасида хорижий туристлар оқимининг 12 миллионга етгани ва “Марказий Осиё туризм ҳалқаси”ни яратиш ташаббуси мамлакатимизнинг маданий ва маърифий жозибадорлигини янада оширади. Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуаси каби иншоотлар нафақат маънавий хазина, балки иқтисодий ўсиш нуқталари ҳамдир. Биз учун ҳар бир келган сайёҳ – бу янги иш ўрни ва миллий брендимизнинг жаҳонга танилишидир.
Хулоса қилиб айтганда, Самарқанд анжумани нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун янги стратегик имкониятлар эшигини очгани билан тарихий аҳамиятга эгадир.
Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “яшил” энергетика коридори, ягона туризм ҳалқаси ва рақамли логистика альянси каби ташаббуслар минтақавий жипсликни мустаҳкамлаш орқали ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларни таъминлашга қаратилган.
Энг муҳими, ОТБ билан имзоланган янги ҳамкорлик дастури ва технологик инновацияларга йўналтирилган инвестициялар иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаб, минтақа аҳолиси учун янги иш ўринлари, замонавий инфратузилма ва фаровон турмуш шароитини яратишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА