Иш ҳақини кечиктирганлик учун компенсация тўлаш тартиби белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, ходим ва иш берувчилар ўртасидаги меҳнатга оид муносабатларнинг ўзаро манфаатли тизимини яратиш, шунингдек, бандлик органлари ҳамда иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасида фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, бандлик органларини иш берувчиларнинг ҳамкорига айлантириш, иш берувчи ва ходимлар учун қулайликлар яратиш мақсадида меҳнат муносабатларини расмийлаштиришни рақамлаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, норасмий бандликни қисқартириш ва меҳнат муносабатларида халқаро стандартларни жорий этиш каби масалалар ўрин олган.
Фракция аъзолари муҳокамалар давомида мазкур қонун лойиҳаси партия электорати манфаатларига бевосита дахлдор эканини қайд этиб, бир қатор таклифлар ва фикрлар билдирди. Жумладан, депутат Ш.Аҳмедов иш берувчиларга нисбатан белгиланаётган жарималар кимларга татбиқ этилиши ва уларнинг амалдаги қўлланилиши юзасидан аниқлик киритишни сўради. Қонун ташаббускорлари эса янги нормаларга мувофиқ фуқаролар ҳам иш берувчи сифатида қатнашиши мумкинлигини ва жавобгарлик шу доирада белгиланишини изоҳлади.
Лойиҳага кўра, иш ҳақини кечиктирганлик учун компенсация тўлаш тартиби ўз аксини топмоқда. Ушбу норма юзасидан фракция аъзоси Анвархон Темиров айрим соҳаларда иш ҳақини ҳисоблаш жараёни бир неча кун талаб қилишини, шу боис янги норма тадбиркорларга қўшимча қийинчилик туғдирмаслиги кераклигини таъкидлади. Бунга жавобан компенсация фақат қонунда белгиланган муддатлар бузилган тақдирдагина ҳисобланиши, шу орқали тадбиркорлар манфаатлари ҳам инобатга олинаётгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, йиғилишда “Фахрийлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА