ОТБ президенти: Осиё ва Тинч океани ягона энергетик ва рақамли маконга айланади
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) президенти Масато Канда Самарқандда ўтказилган матбуот анжуманида минтақанинг келгуси тараққиёти учун муҳим йирик ташаббусни илгари сурди. Яъни, Осиё ва Тинч океани минтақасида энергетика ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш мақсадида 2035 йилга қадар 70 миллиард доллар сафарбар этилади.
ОТБнинг 59-йиллик йиғилиши доирасида ўтказилган тадбирда минтақадаги геосиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар, барқарор ривожланиш истиқболи ҳамда интеграция жараёни муҳокама қилинди.
Жаноб Канда бугунги глобал вазиятга алоҳида тўхталиб, Яқин Шарқдаги можаро Осиё ва Тинч океани иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади:

– Минтақамиз мазкур инқироз таъсирини энг кучли ҳис қилаётган ҳудуд. Нарx ошиши энергетика соҳаси билан чекланиб қолмасдан, ёнилғи, транспорт, озиқ-овқат ва ўғит ҳам қимматлашди. Айни ҳолат хавфсизлик муаммосигина эмас, балки глобал иқтисодий тизим мустаҳкамлигини ҳам синовдан ўтказаётган омил. Демак, мамлакатлар стратегик таъминот йўлакларига ортиқча боғланиб қолган. Энди самарадорликдан барқарорликка ўтиш зарурати долзарблашган.
ОТБ раҳбари банк томонидан кўрилаётган жорий чораларга ҳам тўхталиб, қийин шароитда аъзо давлатларни қўллаб-қувватлаш давом эттирилаётганини қайд этди. Жумладан, савдо ва таъминот занжирини молиялаштириш дастури орқали қисқа муддатли, шунингдек аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш учун тезкор бюджет ёрдам тақдим этилаётганига урғу берилди.
Нотиқ янги стратегик ташаббус – минтақавий энергетика ва рақамли интеграция лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини ҳам изоҳлади:
– ОТБ Осиё ва Тинч океани минтақасини ягона энергетика тармоғи ва рақамли магистрал орқали боғлашни мақсад қилган. 70 миллиард долларлик сармоянинг 50 миллиарди Пан-Осиё энергетика тармоғини ривожлантиришга, 20 миллиарди Осиё-Тинч океани рақамли магистралини барпо этишга йўналтирилади.
Пан-Осиё энергетика тармоғи мамлакатлар ўртасида электр энергияси алмашинувини кенгайтириш, трансчегаравий савдони кучайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбалари билан интеграция жараёнига хизмат қилади. Лойиҳа доирасида 22 000 километр электр узатиш тизими барпо этилади.
– Бу ташаббус 200 миллионга яқин аҳоли энергия таъминотини яхшилайди, соҳада чиқиндини 15 фоиз камайтиради, – деди ОТБ етакчиси. Шу билан бирга рақамли инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган Осиё-Тинч океани рақамли магистрали 650 миллион аҳолини қамраб олади. Бу жараёнда толали алоқа тармоғи, сув ости сими, интернет алмашинуви нуқталари ва минтақавий маълумотлар маркази барпо этилади.
– 2035 йилга келиб 200 миллион киши биринчи бор кенг йўлакли интернетга уланади, 450 миллион аҳоли эса тезкор ва ишончли алоқага эга бўлади, – деди Масато Канда. Инфратузилмани инсон капитали билан уйғун ривожлантириш мақсадида 3 миллион киши, айниқса ёшлар, аёллар рақамли ва сунъий интеллект кўникмасига ўқитилади.
Якунда ОТБ президенти мазкур ташаббусларнинг аҳамиятини қуйидагича баҳолади:
– Бу лойиҳалар очиқ, барқарор ва инклюзив келажакказамин яратади. Бу барча учун узоқ муддатли фаровонликка қаратилган инвестициядир.
Мусулмон Зиё, ЎзА