Янги бино Зоминдаги имкониятларни кенгайтиради
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал-майор Ғайрат Қодиров Зомин туманида бўлиб, Дуоба маҳалласида барпо этилаётган янги ички ишлар бўлинмаси биносидаги қурилиш ишлари билан танишди.
Қурилиш майдонида объектнинг бугунги ҳолати, муҳандислик-коммуникация тармоқларини барпо этиш ва атроф ҳудудни ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди. Масъуллар бажарилаётган ишлар, кейинги босқичда амалга ошириладиган вазифалар хусусида ахборот берди.

Янги бинода ходимларнинг самарали хизмат қилиши учун зарур шароитларни яратиш, фуқароларни қабул қилиш ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш учун қулай имкониятларни таъминлаш кўзда тутилган. Объектнинг фойдаланишга топширилиши туманда ички ишлар органлари фаолияти учун зарур инфратузилмани янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Бугунги кунда ички ишлар органлари фаолиятида нафақат жиноятларни очиш, балки уларнинг олдини олиш, аҳоли билан яқин ҳамкорлик қилиш ва жамоат осойишталигини таъминлаш муҳим вазифалардан саналади. Шу нуқтаи назардан, хизмат биноларининг замонавий ва қулай бўлиши ходимлар фаолияти самарадорлиги билан бир қаторда, фуқаролар билан мулоқот сифатини ҳам оширишга хизмат қилади.

Шу куни Зомин тумани ички ишлар бўлимида ўтказилган йиғилишда эса ҳудудда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Жамоат тартиби ва аҳоли осойишталигини таъминлаш борасидаги вазифалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири