Давлат тилини пухта билиш – ҳар қандай касбий салоҳиятнинг муҳим мезони
21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун
Давлат тилини пухта билиш ҳар қандай касбий салоҳиятнинг муҳим қисми ҳисобланади. Соҳалар кесимида оладиган бўлсак, она тилимизга бўлган эҳтиром ҳар қандай ташкилотда акс этиши учун имкониятлар етарли. Ундан салоҳиятли фойдалана олиш эса эгалланган илм ва қўлловчи шахснинг маҳоратини намойиш этади.

– Бугун давлат тилига муносабат, айниқса, сув хўжалиги каби стратегик соҳада оддий имло масаласи билан чекланмайди, – дея фикрини билдиради сув хўжалиги вазирининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Нодира Каримова. – Мутахассис фикрини давлат тилида аниқ ва ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ифодалай олиши, соҳавий атамаларни билиши, зарур маълумотни тез топиб, асосли жавоб бера олиши керак.
2026 йил 7 августда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этишга доир қарори бу борадаги талабларни янада кучайтирди. Энди ҳужжатнинг ўзбек тилида бўлиши кифоя эмас – у аниқ, тушунарли, ҳуқуқий жиҳатдан пухта ва замонавий электрон муҳит талабларига мос бўлиши лозим.
Сув хўжалиги тизимида ҳар куни хизмат хатлари, топшириқлар, ҳисоботлар, техник хулосалар, лойиҳа ҳужжатлари, далолатномалар ва шартномалар тайёрланади. Биргина ноаниқ ибора ҳам мазмуннинг нотўғри талқин қилинишига олиб келиши мумкин. Шу маънода тилга қўйилаётган талаб, аввало, кадр сифатига қўйилаётган талабдир.
Бугунги кунда вазирлик тизимида давлат тили, касбий билим, китобхонлик ва рақамли кўникмаларни уйғун ҳолда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тезкор ишлаш, мустақил ва таҳлилий фикрлаш, саволларга аниқ ҳамда асосли жавоб бериш қобилияти замонавий мутахассис қиёфасини белгилайди. Шунингдек, электрон ҳужжат айланиши, маълумотлар базаси, ГИС (геоинформацион тизимлар), рақамли мониторинг воситалари ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдалана олиш давр талабига айланди.
Китобхонликка ҳам касбий ривожланиш воситаси сифатида қаралмоқда. Мақсад кўп китоб ўқиш эмас, балки ўқилган билимни фикр ва амалиёт билан боғлашдир. “60 сониялик савол” каби лойиҳалар эса ходимнинг тезкор фикрлаши, билимни амалда қўллаши ва касбий ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Соҳада атамаларни бир хил қўллаш ҳам муҳим. Шу мақсадда “Сув хўжалиги атамаларининг ягона электрон луғати”ни шакллантириш ишлари олиб борилмоқда. Унда гидротехника, ирригация, мелиорация, насос станциялари, сув ҳисоби, автоматлаштириш, сунъий интеллект ва рақамли сув хўжалигига оид атамалар жамланади.
Давлат тилини ривожлантиришда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш ҳам долзарб. Матнни овозга, нутқни матнга айлантириш, таржима ва ҳужжатлар билан ишлаш технологиялари иш жараёнларини енгиллаштириши мумкин. Шу нуқтаи назардан, норматив ҳужжатлар, техник стандартлар ва соҳавий луғатлар асосида ишлайдиган ички интеллектуал ёрдамчи яратиш ҳам истиқболли йўналишдир.
Энг муҳими, натижа ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, ходимнинг саводхонлиги, касбий билими, китобхонлиги, рақамли кўникмалари ва мулоқот маданиятидаги ўсиш билан баҳоланиши керак.
Дарҳақиқат, 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни нафақат миллий ўзликни англаш, балки давлат тилида эркин ва таҳлилий фикрлайдиган, билимли ҳамда замонавий технологияларни пухта эгаллаган янги авлодни шакллантиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА