Чорвачиликдан барқарор даромад сари
Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, аҳоли хонадонларида чорва моллари сони ва маҳсулдорлигини ошириш, шу орқали янги даромад манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Чортоқ туманида “Chortoq halol chorvachilik” МЧЖ томонидан ташкил этилган чорвачилик мажмуасида бу йўналишдаги ишлар изчил давом этмоқда.
Қарийб 3 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган мажмуа 700 бош қорамолни сақлаш имкониятига эга. Бу ерда Хитойдан олиб келинаётган зотдор қорамолларни қабул қилиш, сақлаш ва маҳаллий чорвадорларга етказиб бериш йўлга қўйилган.
Ўтган ойда мажмуага Хитойдан 650 бош зотдор қорамол олиб келиниб, белгиланган тартибда маҳаллий чорвадорларга етказиб берилган. Айни кунларда эса яна 600 бош зотдор қорамол туманга келтирилди.
Шу асосда чорва молларини хориждан олиб келишдан тортиб, уларни қабул қилиш, сақлаш ва маҳаллий чорвадорларга етказиб беришгача бўлган жараёнларни қамраб олган яхлит тизим шаклланмоқда.
[gallery-31815]
Мутахассисларнинг таъкидлашича, наслдор чорва молларининг аҳоли хонадонларига етказиб берилиши чорвачиликда маҳсулдорликни ошириш, гўшт етиштириш ҳажмини кўпайтириш ва хонадонлар даромадини ошириш учун қўшимча имконият яратади.
Мажмуа фаолиятининг яна бир муҳим жиҳати — янги иш ўринларининг яратилганидир. Лойиҳа доирасида 15 та янги иш ўрни ташкил этилган.
Эътиборлиси, бу ерда йўлга қўйилган тизим чорва молларини етказиб бериш билан чекланмай, аҳолининг чорвачилик билан шуғулланиши, даромадини ошириши ва ички бозорни гўшт маҳсулотлари билан таъминлашда иштирокини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА