Вазирликда футбол тўғрисидаги қарор лойиҳаси муҳокама қилинди
Спорт вазирлигида футболни ривожлантириш, унинг инфратузилмасини такомиллаштириш, профессионал клублар фаолиятини яхшилаш, халқаро майдонда рақобатбардош футболчилар тайёрлаш масалаларига бағишланган йиғилишда ҳар йили мамлакатимизда "Ўзбекистон футбол ҳафталиги"ни ўтказиш режалаштирилаётганлиги айтиб ўтилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маҳалладан бошлаб футболни оммалаштириш ва профессионал футболчиларни тайёрлаш тизимини кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Юртимизнинг ҳар бир маҳалласида пойтахтимизнинг Чилонзор тумани тажрибаси асосида ФИФА Арена андозаларига мос мини-футбол майдонлари барпо этилиши, мактаблар, техникумлар ва маҳаллалардаги мавжуд спорт майдонларидан аҳолининг тун-у кун фойдаланиши учун шароит яратилиши, ҳар бир тумандаги спорт мактаблари ҳузурида эркаклар ва аёллар жамоалари фаолияти йўлга қўйилиши, бу орқали футболнинг қуйи бўғинларини ривожлантириш, ёш футболчиларни саралаш ва уларнинг маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, қарорга биноан қизлар футболини ривожлантириш мақсадида Миллий футбол маркази ҳузурида Республика қизлар футбол академиясини ташкил этиш, хорижда фаолият юритаётган ватандош футболчиларни аниқлаш ва уларнинг халқаро трансферларини мувофиқлаштириш механизмларини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Тақдимотда қарор лойиҳасида назарда тутилган вазифалар футболни қуйи бўғиндан бошлаб ривожлантириш, оммавий спортни кенгайтириш, клубларнинг иқтисодий мустақиллигини ошириш ҳамда халқаро майдонда рақобатбардош футболчилар тайёрлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳокамалар жараёнида иштирок этган Спорт вазири А. Икромов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, соҳа мутахассислари қарор лойиҳасига кўра, маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат "Маҳалла лигаси" мусобақалари ташкил этилиши, мусобақалар давомида аниқланадиган иқтидорли футболчилар спорт мактабларига йўналтирилиб, уларнинг профессионал футболга қадам қўйиши учун зарур шароитлар яратилиши хусусида ўз фикрларини билдиришди.
Т. Рўзиев, ЎзА