"Президент олимпиадаси": Бугун боксчилар дам олади, таэквондочилар жангга киришади
Бугун, 4 ноябрь куни “Президент олимпиадаси”нинг 7 та йўналишида баҳслар ўтказилади. Эътиборли жиҳати, бугун боксчилар учун дам олиш куни сифатида белгиланган бўлса, таэквондочилар дастлабки жангларда куч синашади.
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”, Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда Чирчиқдаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт мажмуаларида давом этаётган “Президент олимпиадаси”нинг ортда қолган саккизинчи мусобақалар куни сарҳисобига кўра, Самарқанд вилояти жамоаси 19 та олтин, 14 та кумуш ва 13 та бронза медали билан умумжамоада етакчиликни давом эттирмоқда.

Кеча ўтказилган мусобақалар давомида эркин кураш, аёллар кураши, теннис, пара сузиш, пара пауэрлифтинг, бадиий гимнастика, бадминтон йўналишларида “Президент олимпиадаси” совриндорлари номи маълум бўлди.

Велоспортнинг трек йўналиши бўйича кечган пойгаларда пойтахт жамоаси ўғил болалар, Тошкент вилояти вакиллари қиз болалар мусобақасида ғолибликка эришди.
Эркин ва аёллар курашининг шиддатли беллашувларида Темурбек Райимжонов (Андижон), Ҳабиб Абдураҳмонов (Фарғона), Абдулазиз Аҳмаджонов (Фарғона), Беҳрузбек Собирбоев (Қорақалпоғистон Республикаси), Зоҳиджон Йўлдошбоев (Сирдарё), Муслима Ҳожимаматова (Наманган), Дилшода Давронбекова (Хоразм) чемпионлик шоҳсупасидан жой эгаллади.
Мусобақалар 8 ноябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА