Вазир темир йўл тизимидаги ютуқ ва муаммоларни айтиб ўтди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг «Темир йўл транспорти соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда йўловчи ва юк ташиш хизматларини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.
— Мамлакатимизда сўнгги йилларда темир йўл транспорти соҳаси жадал ривожлантирилмоқда, логистика тизими такомиллашиб, юк ва йўловчи ташиш хизматлари самарадорлиги ошмоқда, — деди вазир. — Хусусан, 2023-2025 йилларда жами 338,7 км. узунликдаги янги темир йўллари қурилган. Электрлаштирилган темир йўллари улуши 2023 йилдаги 44,4 фоиздан 2025 йилда 53 фоизга етказилган. 2025 йилда 174,1 км. темир йўл тармоқлари жорий ва капитал таъмирдан чиқарилган.

Юк ташиш борасида 2023-2025 йилларда темир йўл транспорти орқали жами 317,9 млн. тонна юк ташилган. 2025 йил якунларига кўра, жами юк ташиш ҳажми 107,9 млн. тоннани ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 5,1 фоиз ўсиш таъминланган.
2025 йилда йўловчи ташиш поездларига электрон чипталар сотиш улуши 40 фоиздан 86 фоизгача оширилган. Йўловчиларга чипта сотиб олишда қулайликлар яратиш мақсадида республика бўйича Тошкент-Марказий, Тошкент-Жанубий, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Хива, Урганч, Нукус, Андижон, Қўқон, Марғилон, Наманган, Термиз, Қарши ва Қўнғирот каби вокзалларга 50 дан ортиқ инфокиосклар ўрнатилган.

Транспорт соҳасига хусусий секторни жалб этиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, темир йўл вокзалларида хизмат кўрсатиш сифати ва сервис турлари сезиларли даражада кенгайган. 2023 йилдан буён республика бўйича 33 та вокзалга жалб қилинган тадбиркорлар сони 90 тадан 270 тагача ошган.
2026 йил I чораги якунларига кўра, темир йўл транспорти хизматлари ҳажми 4,7 трлн. сўмга етказилиб, 28,1 фоиз ўсиш таъминланган. Шу даврда юк ташиш ҳажми 28,0 млн. тоннани, йўловчи ташиш 3,1 млн. нафарни ташкил этган, — деди вазир.
Шунингдек, вазир Тошкент вилоятида замонавий логистика маркази ташкил этиш бўйича 300 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётгани, лойиҳа доирасида 700 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши, йилига 1 миллион тоннадан ортиқ контейнерларни қайта ишлаш имконияти яратилишини маълум қилди.

Таъкидланганидек, халқаро аҳамиятга эга темир йўл линиялари, жумладан қўшни давлатлар билан боғловчи йўллар бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бўйича амалий ишлар бошланган, 19 та станция, 50 та кўприк қурилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа 2030 йилгача қуриб битказилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, вазир ахбороти давомида соҳада тез-тез кўтариладиган муаммоларга ҳам тўхталди. Жумладан, ҳаракат таркибларининг етишмаслиги, мавжуд поездлар таркибини тўлдириш учун 120 та вагонга эҳтиёж борлиги, йўловчи поездларда маънан эскирган вагонларнинг хизмат кўрсатиши, улардаги санитар ҳолатлар, юқори тезликдаги электропоездларга талаб катта бўлганлиги боис чипта етишмаслиги каби муаммоларни айтиб ўтди. Қўшимча йўловчи ташувчи поездларни йўлга қўйиш учун йўл инфратузилмаси мавжуд эмаслиги, вокзалларда сервис хизматининг етарлимаслиги каби масалалар таъкидланди.
Муҳокамаларда халқ вакиллари темир йўл инфратузилмасини модернизация қилишда «яшил технологиялар» ва электрлаштириш кўламини янада кенгайтириш, соҳада рақамлаштириш ва шаффофликни таъминлаш, темир йўл инфратузилмасини яхшилаш каби масалаларда ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди. Бир қатор саволлар кўтарилди ва тегишли жавоблар олинди.
Мажлисда транспорт вазирининг ахбороти юзасидан Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА