Суғурта агентлари фаолиятига доир талаблар белгиланди
Адлия вазирлиги Суғурта агентлари тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди.
2026 йилнинг 2 июнида қабул қилинган қонунга кўра, суғурта агенти суғурталовчи номидан ва унинг топшириғига биноан суғурта шартномасини тузишни ҳамда унинг бажарилишини ташкил этишга доир фаолиятни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахс ҳисобланади.
Топшириқ шартномаси (агент битими) суғурта агенти ва суғурталовчи ўртасидаги келишувга асосан тузилади.
Бунда, топшириқ шартномаси (агент битими) у тузилган кундан бошлаб 1 кун ичида суғурталовчи томонидан Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида қайд этилади ва суғурта агентига ID рақам берилади.
Суғурта агенти воситачилигида тузилган суғурта шартномалари бўйича воситачилик ҳақи суғурталовчининг банк ҳисоб рақамига келиб тушган суғурта мукофотларининг 25 фоизидан ошмаган ҳолда амалга оширилади.
Суғурталовчи томонидан суғурта агентлари фаолияти ҳар 6 ойда камида 1 марта мониторингдан ўтказилади.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан инсофсиз суғурта агентларининг реестри юритилади ҳамда ўзининг расмий веб-сайтида барча фойдаланувчилар учун очиқ эълон қилинади.
Банк кредити билан боғлиқ суғурта шартномаси тузилишида суғурталовчи суғурта қилдирувчи томонидан ихтиёрий равишда танланади.
Шербек Исломов,
ЎзА