Қизилқум бағрида янги денгиз пайдо бўлмоқдами?
Бухоро вилоятининг олис ва саҳро бағрида жойлашган Пешку тумани “Жонгелди” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида пайдо бўлган кўл ҳақида ижтимоий тармоқларда ҳайратомуз хабарлар тарқалмоқда. Кечагина қум барханлари ва чексиз саҳролардан иборат бўлган бу масканда бугун кўз илғамас даражада улкан сув ҳавзаси шаклланмоқда.
Аҳоли орасида уни ҳатто “янги денгиз” деб аташмоқда. Албатта, бу табиатнинг тасодифий мўъжизаси эмас, балки инсон ақл-заковати ва узоқни кўзлаб амалга оширилган йирик гидротехник лойиҳанинг самарасидир.

2023 йилдан бошлаб Жондор, Қоракўл ва Олот туманларидаги сизот сувларини Оролбўйи ҳудудларига етказишга қаратилган муҳим лойиҳа доирасида махсус сув йўли қурилиши бошланган эди. 2024 йилдан эса ушбу сувларни Жонгелди ҳудудида захира қилиш ишларига киришилди. Натижада Қала ота қишлоғи яқинида қисқа вақт ичида улкан сув ҳавзаси — “Тузкуй” кўли вужудга келди.
Мутасаддиларнинг маълум қилишича, коллектор-дренаж тизимлари орқали тўйинадиган мазкур ҳавзага ҳар сонияда 35 куб метр сув келиб тушмоқда. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилганда бу ерда 850 миллион куб метр сув захира қилиш имконияти яратилади. Айни пайтда эса 350 миллион куб метрдан ортиқ сув жамланган.

–Бухоро шаҳридан қарийб 230 километр узоқликдаги бу ҳудуд аввал қум барханларидан иборат эди, –дейди Пешку тумани ҳокими ўринбосари Азамат Ражабов.–Янги кўлнинг пайдо бўлиши ҳудуд иқтисодиёти учун катта имкониятларни очмоқда. Келажакда соҳил бўйларидаги ер майдонларини аукцион орқали тадбиркорларга бериш ва янги бизнес лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
Мутахассислар фикрича, “Тузкуй” нафақат иқтисодий, балки экологик аҳамиятга ҳам эга. Янги сув ҳавзаси ҳудуд иқлимини юмшатиш, қушлар ва бошқа жониворлар учун қулай яшаш муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
–Бу кўл экологик мувозанатни сақлашда муҳим омил бўлади, –дейди Пешку туман экология бўлими бошлиғи Савриддин Файзуллаев. –Қушларнинг янги қўнимгоҳлари пайдо бўлади, балиқчилик ривожланади. Бу эса аҳоли учун қўшимча иш ўринлари ва даромад манбаи демакдир.
Айниқса, маҳаллий аҳоли бу ўзгаришларни катта қувонч билан қарши олмоқда. Чунки сув бор жойда ҳаёт, тараққиёт ва фаровонлик бўлади.

–Қала ота қишлоғи ҳудудида икки йилдан буён сув йиғилиши натижасида кўл шаклланди, –дейди “Жонгелди” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Набира Актасова. –Бу биз учун катта неъмат бўлди. Ота-боболаримиз “Сув — тинчлик ва бараканинг кўзи”, деб бежиз айтмаган. Кўл аҳолимиз учун янги имкониятлар ва даромад манбаини яратмоқда.
Яқин истиқболда ҳудудда замонавий туризм инфратузилмасини барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, экотуризм ва балиқчилик кластерларини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, келажакда мазкур ҳудуд йилига бир миллиондан ортиқ сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга бўлади ҳамда минглаб аҳолининг бандлигини таъминлайди.
Бугун Жонгелдида вужудга келаётган “Тузкуй” кўли оддий сув ҳавзаси эмас. У Қизилқум бағрида пайдо бўлаётган янги ҳаёт манбаи, янги иқтисодий имкониятлар эшиги ва экологик барқарорлик рамзидир. Кечагина фақат қум ва шамол ҳукмрон бўлган ҳудудда бугун сув жилваланмоқда. Эртага эса бу ерда балиқчилик хўжаликлари, туристик мажмуалар, яшил ҳудудлар ва фаровон ҳаёт шаклланиши мумкин.
Эҳтимол, яқин йилларда Қизилқум саҳроси бағрида пайдо бўлган ушбу улкан кўл нафақат Бухоро, балки бутун мамлакатнинг энг диққатга сазовор табиий ва туристик манзилларидан бирига айланар...
Зариф Комилов, ЎзА мухбири