Уйчи туманида аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар
Наманган вилояти Уйчи тумани Гулистон маҳалласида аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизликни қисқартириш ва оилалар даромадини ошириш мақсадида ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланилмоқда. Давлат раҳбари ташаббуси билан ишсиз ёшлар ва фуқароларга 15 сотихдан ер ажратилиб, уларда деҳқончилик ишлари йўлга қўйилган.
Бугунги кунда маҳалладаги ер майдонларининг асосий қисмига картошка экилиб, биринчи ҳосил муваффақиятли йиғиб олинмоқда. Ҳосилдан кейин эса иккинчи экин сифатида маккажўхори, ер ёнғоқ ва турли сабзавотлар етиштирилмоқда. Бу эса аҳолининг йил давомида даромад олишига хизмат қиляпти.
Гулистон маҳалласида яшовчи фуқаро Ғиёсбек Эркабоев ҳам мазкур имкониятдан самарали фойдаланиб келмоқда. Унинг таъкидлашича, картошка экиш ишлари ушбу ҳудудда учинчи йилдан буён амалга оширилмоқда.
— Биринчи йилда олинган натижа яхши бўлгани сабабли кейинги йилларда ҳам картошка экиш кўлами кенгайди. Биринчи ҳосил учун картошка, иккинчи ҳосилга эса маккажўхори, ер ёнғоқ ва бошқа сабзавотлар экиб келяпмиз. Бу орқали аҳоли ҳам банд бўлмоқда, ҳам даромад топмоқда, — дейди Ғиёсбек Эркабоев.
Маҳаллада амалга оширилаётган бундай ишлар аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, ердан унумли фойдаланиш ва ишсизликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/fOGw1CVJ_Nk" title="Uychi tumanida aholi bandligini ta’minlashga qaratilgan amaliy ishlar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Тоҳир Турсунов, ЎзА