Тиббий жиҳозлар назоратида янги ҳамкорлик
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, аҳолини сифатли ҳамда хавфсиз тиббий буюмлар ва жиҳозлар билан таъминлаш борасида халқаро ҳамкорлик алоқалари изчил кенгайтирилмоқда. Хусусан, бугун Малайзия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги тиббий буюмлар айланишини назорат қилувчи ва халқаро стандартларни жорий этувчи нуфузли давлат органи – Малайзия Тиббий буюмлар бошқармаси (MDA) вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи бошланди.
Малайзиялик экспертларнинг юртимизга ташрифи бежизга «Tashkent Pharma Park» инновацион фармацевтика кластери фаолияти билан танишишдан бошланмади. Боиси, ушбу кластер бугунги кунда нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақасида фармацевтика ва тиббий технологиялар соҳасидаги энг йирик ва замонавий лойиҳалардан бири ҳисобланади. Хорижлик меҳмонларга кластер ҳудудида барпо этилаётган юқори технологик ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий илмий-тадқиқот марказлари ҳамда халқаро андозаларга мос лаборатория мажмуалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Малайзия томони юртимизда соҳага қаратилаётган инвестициявий ва илмий салоҳиятни юқори баҳолади.
Кластер билан танишувдан сўнг, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида тиббий буюмлар соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган расмий учрашув бўлиб ўтди. Унда Марказ директори Алишер Темиров ва MDA ижроия директори Муралитҳаран Парамасуа бошчилигидаги мутахассислар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар ўтган йили имзоланган ўзаро англашув меморандуми доирасида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиб, истиқболдаги режаларни атрофлича муҳокама қилди. Таъкидланганидек, тиббий жиҳозлар ва буюмлар бевосита инсон ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ бўлгани сабабли, уларнинг хавфсизлигини назорат қилишда икки давлатнинг илғор тажрибаларини бирлаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Малайзиялик экспертларнинг махсус миссияси ва халқаро «benchmarking» Учрашувнинг энг муҳим натижаларидан бири – шу йилнинг июнь ойида бошланадиган Малайзия экспертларининг юртимизга махсус миссияси билан боғлиқ келишув бўлди. Жумладан, MDA мутахассислари Ўзбекистон Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази фаолиятига яқиндан техник кўмаклашади.
Бунда асосий эътибор Марказ фаолиятини халқаро «benchmarking» (таққослаш ва энг яхши тажрибаларни ўзлаштириш) жараёнларига тайёрлаш, тиббий буюмлар айланишини тартибга солувчи миллий норматив-ҳуқуқий базани халқаро талаблар асосида янада ривожлантириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, соҳадаги солиштирма синов-текширувларини ҳамкорликда ташкил этиш орқали миллий лабораторияларимиз хулосаларининг халқаро миқёсда тан олинишига эришишга қаратилади.
Тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги ҳар қандай инновация, аввало, юқори малакали кадрлар салоҳиятига таянади. Шу мақсадда, учрашув якунларига кўра, маҳаллий мутахассисларимиз учун Малайзия Тиббий буюмлар бошқармаси базасида махсус ўқув ва стажировка дастурларини йўлга қўйиш бўйича муҳим келишувга ҳам эришилди.
Бу ўзбекистонлик мутахассисларга тиббий жиҳозларни сертификатлаш, уларнинг сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш бўйича жаҳоннинг энг илғор технологиялари ва услубларини бевосита амалиётда ўрганиш имконини беради.
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги бу тизимли ҳамкорлик мамлакатимиз фармацевтика бозорига нафақат сифатли тиббий технологиялар кириб келишини таъминлайди, балки маҳаллий маҳсулотларимизнинг ҳам халқаро бозорларда ўз ўрнини топишида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА