1 миллион 449 минг 69 та объект хатловдан ўтказилди
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни ижроси доирасида мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламли хатлов ишлари изчил давом этмоқда.
2026 йил 15 май ҳолатига кўра, республика ҳудудларида жами 1 миллион 449 минг 69 та объект хатловдан ўтказилди. Бу кўрсаткич аҳолининг мулкий ҳуқуқларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, ер ва кўчмас мулк муносабатларида шаффофликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида баҳоланмоқда.
Мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши кўп йиллар давомида ҳуқуқий мақоми аниқлаштирилмаган ер участкалари ва қурилиш объектларини расмийлаштириш имконини бермоқда. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг мулк ҳуқуқини кафолатлаш, иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда солиқ базасини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Айниқса, аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ҳудудларда қурилган уй-жой ва иншоотларнинг қонуний мақомга эга бўлиши ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланмоқда. Чунки ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилган мулк келгусида уни сотиш, мерос қилиб қолдириш, гаров сифатида расмийлаштириш ёки коммунал хизматларга улаш жараёнларини енгиллаштиради.
Хатлов ишлари ҳудудлар кесимида босқичма-босқич амалга оширилаётган бўлиб, ҳар бир ҳудудда объектларни аниқлаш, ўрганиш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда замонавий ахборот тизимлари ва электрон маълумотлар базасидан самарали фойдаланилаётгани ҳам қайд этилди.
Таҳлилларга кўра, қонун ижросининг самарали амалга оширилиши ер муносабатларида шаффофликни таъминлаш, ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш ҳамда ҳудудларни комплекс ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлашда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Кадастр агентлиги маълум қилишича, хатлов ва ҳуқуқларни эътироф этиш ишлари келгусида ҳам изчил давом эттирилиб, фуқароларга қулай ва соддалаштирилган хизматлар кўлами янада кенгайтирилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА