Устозларга эҳтиром — юксак қадрият
Инсон ҳаётида шундай касблар борки, уларнинг меҳнати жамият тараққиёти ва келажак авлод тақдири билан чамбарчас боғлиқ. Ўқитувчилик ана шундай шарафли ва масъулиятли касблардан биридир.
Зеро, ҳар бир авлоднинг билимли, маърифатли ва юксак мақсадлар сари интилишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёс.
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан пойтахтимизда қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Байрам муносабати билан ташкил этилган тадбир иштирокчилари “Янги Ўзбекистон” боғида жамланиб, “Мустақиллик монументи” пойига гул қўйди.
Тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги жамоаси, устоз ва мураббийлар, таълим соҳаси вакиллари иштирок этди.
Гул қўйиш маросимида иштирокчилар мамлакатимиз мустақиллиги, тинчлиги ва тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилган аждодларимиз хотирасини ёд этди. “Мустақиллик монументи” пойига қўйилган гуллар юртимиз озодлиги ва осойишталигига, Ватан равнақига бўлган юксак эҳтиром ифодаси бўлди.
“Янги Ўзбекистон” боғидаги тадбир давомида халқимизнинг кўп асрлик бой тарихи, миллий давлатчилик анъаналари, буюк аждодларимизнинг жасорати ва маънавий мероси яна бир бор ёдга олинди.
Айниқса, бугунги кунда ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат ва юрт тақдирига дахлдорлик руҳида тарбиялашда ўқитувчи ва мураббийларнинг масъулияти янада ортиб бормоқда. Шу маънода, устозларнинг касбий фаолияти нафақат таълим бериш, балки жамиятнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилаётган бу каби тадбирлар устозларга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг амалий ифодасидир.
Байрам тадбирлари давомида таълим соҳасида меҳнат қилаётган фидойи устозларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва ёш авлод камолоти йўлидаги хизматлари яна бир бор эътироф этилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА