Сергелида реновация: бир оила 4 та янги хонадонга эга бўлди
Сергелидаги "Янги Ўзбекистон" массивида реновация дастури доирасида кўчирилган оилаларга янги уйлар топширилди. Эски шароитлардан яхшироқ ҳаётга қадам қўйган бу инсонлар қалбида қандай ҳислар жўш урди? Уларнинг ҳикоялари нимадан далолат беради?
Сергели туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида реновация дастури доирасида кўчирилаётган оилалар учун қурилган янги хонадонлар калитлари эгаларига топширилди. Яшнобод ва Миробод туманларидан кўчирилаётган 20 та хонадон вакиллари янги уйларни кўздан кечириб, яратилган шароитлар билан танишди.
- Фарзанд катта бўлгани сайин уларга уй қилиб бериш ташвиши ортар экан, - дейди янги хонадон соҳиби Зуҳра Гавҳарова. – Икки ўғил ва бир қизим бор. Реновацияга тушган уйларнинг бирида яшар эдим. Бир вақтлари 25 минг долларга олганман, уйимиз жуда ачинарли аҳволда эди. Реновация сабаб 4 та алоҳида уйли бўлдик. Ҳамма шароитлари бор. Фақат кириб яшайдиган хонадонларнинг калитларини топширишди. Мени ногиронлигим бўлгани учун биринчи қаватдан 3 хона беришди. Қолган фарзандларимга алоҳида янги уйлар калитини олишди. Менинг уларга уй олишга имконим йўқ эди. Ўзимга маъқул бўлган Сергели туманидан танладим. Фарзандларимга Миробод туманидаги уйлар маъқул келди. Президентимга раҳмат айтаман, кўп давлатларда бўлганман ва бундай имкониятлар ҳеч бир давлатда йўқ деб ишонч билан айта оламан.

Аҳоли учун уйлар атрофи ободонлаштирилди, муҳандислик ва ижтимоий инфратузилма тўлиқ яратиб берилди. Барча шароитлар янги ва фойдаланишга тайёр.

- Олдин реновация деса халқ қўрқарди, - дейди Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков. – Уйсиз қолиб кетаман, алданиб қоламан деган тушунчага борарди. Ҳурматли Президентимизнинг топшириғи билан уй эгаларига янги шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Масалан 200 кв жой уй эгасида бўлса, 1.2 коэффициент билан, яъни унга яна қўшимча 20 кв қўшиб, 50 кв майдонли 4 ёки 40 кв майдонли 5 та янги қурилган уйлардан олишлари мумкин бўлади. Реновация – улар яшаётган шароитларидан яхшироқ шароитга кўчишларига кўмаклашиш ва аҳоли розилигига эришиш бош мақсад қилиб олинган. Реновация доимий равишда давом этади ва унинг муддати йўқ.

Реновация жараёнида кўчирилаётган аҳолининг манфаатларини таъминлаш, уларга муносиб яшаш шароитлари ва янги манзилда кундалик ҳаёт учун зарур қулайликларни яратиш ҳам бош мақсад қилиб олинган.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА