Билим, тафаккур ва ҳамжиҳатлик майдонида
“Заковат” — нафақат билим синови, балки инсоннинг тафаккури, дунёқараши ва жамоа билан бир мақсад сари ҳаракат қила олиш қобилиятини намоён этадиган ўзига хос интеллектуал майдон. Бухорода ана шундай беллашув мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилиб, иштирокчиларга билим ва зукколик билан бирга, ҳамжиҳатликнинг қудратини ҳам ҳис этиш имконини берди.
Бугун мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш, аҳолига сифатли ва манзилли ижтимоий хизмат кўрсатиш, айниқса, эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Бу борада Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон манфаатларини марказга қўйиш, ижтимоий хизматларни маҳаллага яқинлаштириш ва аҳоли билан ишлашнинг янги, самарали механизмларини жорий этишга қаратилган. Зеро, замонавий ижтимоий ҳимоя тизими фақат хизмат кўрсатиш билан чекланмайди. Унда фаол, билимли, кенг дунёқарашли, вазиятни тўғри баҳолай оладиган ва ҳар бир инсоннинг дардини тушунишга қодир мутахассислар меҳнати ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Бухорода Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси томонидан маҳаллада комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходимлар ўртасида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал ўйини касбий муҳитда соғлом рақобат, маънавий-маърифий юксалиш ва жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилган муҳим беллашув бўлди. Ундан кўзланган асосий мақсад ҳам ана шу эзгу вазифалар билан уйғун эди. Ходимлар ўртасида жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, тизимда маънавий-маърифий ишларни янада самарали ташкил этиш, ходимларнинг ўз устида мунтазам ишлашига рағбат уйғотиш, билим ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш тадбирнинг муҳим йўналишларини ташкил этди.


“Заковат” майдонида эса ҳар бир савол иштирокчилардан нафақат билим, балки тезкор фикрлаш, мантиқий мушоҳада, жамоавий қарор қабул қилиш ва вазиятга ижодий ёндашишни талаб қилди.
Беллашув икки турда ўтказилиб, жамоалар жами 24 та савол асосида ўз билим ва мантиқий фикрлаш қобилиятларини синовдан ўтказдилар. Саволлар устидан кечган қизғин баҳсларда иштирокчиларнинг нафақат эрудицияси, балки бир мақсад атрофида бирлашиб, жамоа манфаати учун ҳамжиҳат ҳаракат қила олиши ҳам яққол намоён бўлди.
Айрим лаҳзаларда бир неча сониялик ўйланиш бутун жамоанинг тақдирини ҳал қилса, бошқа бир саволда кутилмаган мантиқий ечим иштирокчиларда ҳайрат ва қувонч уйғотди. Залдаги қизғин муҳит эса билимга бўлган қизиқиш ва интеллектуал рақобатнинг нақадар жозибадор эканини кўрсатди.
Беллашув якунида энг юқори натижани намоён этган жамоалар аниқланди. 1-ўрин — Вобкент туманининг “Қалқон” жамоасига, 2-ўрин — Олот туманининг “Янги Ўзбекистон” жамоасига, 3-ўрин эса — Қоракўл туманининг “Пойкент” жамоасига берилди.
Бир қарашда оддий интеллектуал беллашувдек туюлган мазкур тадбир замирида катта маъно мужассам. Чунки жамиятда инсон қадрини таъминлаш, аҳолига сифатли ижтимоий хизмат кўрсатиш каби масъулиятли вазифаларни адо этаётган ходимнинг билими, дунёқараши, мулоқот маданияти ва жамоада ишлай олиш қобилияти унинг касбий фаолиятига бевосита таъсир кўрсатади.


“Заковат” эса ана шу фазилатларни ривожлантиришнинг ўзига хос мактаби бўлди. У ходимларга бир-бирини яқинроқ англаш, фикр алмашиш, рақобат муҳитида ўз салоҳиятини намоён этиш ва энг муҳими, “бир жамоа — бир мақсад” тамойилини амалда ҳис қилиш имконини берди.
Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, юртимиз тараққиётининг янги босқичида билимли, ташаббускор, фаол ва кенг дунёқарашли кадрларга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Давлат раҳбари ташаббуси билан инсон капиталига, ёшларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришга қаратилаётган эътибор ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Зеро, мустақилликнинг энг катта бойлиги — эркин фикрлайдиган, билимга интиладиган, ўз келажагини ўз қўли билан бунёд этадиган инсонлардир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири