Устоз – қалблар меъмори
Пойтахтимиздаги Табиий ва аниқ фанларга ихтисослаштирилган Саъди Ҳасанович Сирожиддинов номидаги республика академик лицейида «Устоз – қалблар меъмори» деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда таъкидланганидек, устоз инсон қалбига илм, маърифат ва эзгулик уруғларини экадиган, ёш авлодга тўғри йўл кўрсатадиган буюк сиймо. Ҳар бир инсон ҳаётида унинг қалбида ўчмас из қолдирган, билим ва тарбия берган устознинг алоҳида ўрни бор.
Тадбир давомида устозларнинг шарафли ва машаққатли меҳнати, ёшлар тарбиясидаги беқиёс ўрни ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, ўқувчилар томонидан устозларга бағишланган шеърлар, куй-қўшиқлар ва саҳна кўринишлари намойиш этилади.
Тадбирда буюк математик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Саъди Ҳасанович Сирожиддиновнинг илм-фан ва таълим соҳасидаги хизматлари ҳам алоҳида эътироф этилди. Устоз математик эҳтимоллик назарияси ва математик статистика соҳасида илмий мактаб яратиб, Ўзбекистон математика фани ривожига катта ҳисса қўшган.
Саъди Ҳасанович Сирожиддинов Тошкент давлат университетида профессор, кафедра мудири ва ректор сифатида фаолият юритган. Шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институти директори ҳамда академия вице-президенти лавозимларида меҳнат қилган. Унинг илмий ва педагогик фаолияти кўплаб шогирдлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилган.
Бугунги кунда ҳам академик Саъди Ҳасанович Сирожиддиновнинг ёрқин хотираси ҳалоллик, илмга садоқат, камтарлик, меҳнатсеварлик рамзи, катта мактаб яратган устоз сифатида алоҳида эҳтиром билан ёдга олинади.
[photobank-31699]
Дарҳақиқат, устозларимиз ўз меҳнати билан келажак авлодни тарбиялаб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. Уларнинг ҳар бир ўгити ва насиҳати биз учун ҳаёт мактаби вазифасини ўтайди.
Устозларимизнинг меҳнати ва берган сабоқлари қалбимизда бир умр сақланади. Зеро, устозга бўлган ҳурмат — илмга, маърифатга ва келажакка бўлган ҳурматдир.
Устоз қалблар меъмори, улар улашган билимлар эса умр йўлимизга нурдир!
Н.Усмонова,
Ф.Абдурасулов (сурат),
ЎзА