Шарафли вазифага тайёрланадиган кадрлар тарбиясида устознинг ўрни беқиёс
Ҳар бир ютуқнинг ортида муносиб меҳнат бўлганидек, унинг рўёбга чиқишига туртки берувчи устоз бўлади.
Айниқса, Ватан мудофааси учун масъулиятни зиммасига оладиган, эл-юрт тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашдек шарафли вазифага тайёрланадиган кадрлар тарбиясида устознинг ўрни беқиёс.
Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбир ана шу ҳақиқатни яна бир бор намоён этди. Тадбирда Мудофаа вазирлиги фахрийлари, профессор-ўқитувчилар, докторантлар, курсантлар ва аскарлар иштирок этди.
Тантана аввалида университет раҳбарининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Фарҳоджон Шерматов сўзга чиқиб, ҳарбий кадрларни тайёрлаш, уларнинг касбий ва маънавий салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган профессор-ўқитувчилар, мураббийлар, фахрийлар ҳамда университет жамоасини самимий муборакбод этди.
Зеро, бугун ҳарбий таълим олдига қўйилаётган талаблар кечагидан тубдан фарқ қилади. Замонавий армия учун нафақат чуқур билимли, балки мустақил фикрлайдиган, тезкор қарор қабул қиладиган, рақамли технологияларни эгаллаган, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга офицерлар зарур.

Бундай кадрни эса, аввало, замон билан ҳамнафас устоз тарбиялайди. Янги Ўзбекистонда таълим-тарбия тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, илғор хорижий тажриба, инновацион педагогик ёндашувлар ва рақамли технологияларни ўқув жараёнига кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳарбий таълим тизимидаги янгиланишлар ҳам ана шу жараённинг узвий қисми сифатида намоён бўлмоқда.
Тантанали тадбирда ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, илмий-тадқиқот салоҳиятини юксалтириш борасида эришилган натижалар қайд этилди. Таълим ва илм-фан соҳасида самарали амалиётларни жорий этиш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уни миллий ҳарбий таълим тизимига татбиқ этиш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Айни жараёнларда устознинг вазифаси ҳам ўзгармоқда. У энди фақат билим берувчи эмас, балки курсантни мустақил фикрлашга, билимни амалиёт билан боғлашга, мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилишга йўналтирувчи мураббийдир.
Байрам муносабати билан Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг буйруғига асосан бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар хизматчилари ҳамда профессор-ўқитувчилар ҳарбий таълим соҳасидаги хизматлари учун “Намунали хизматлари учун” ва “Малакали устоз” кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Айни пайтда университетнинг бакалавр, магистратура ҳамда докторантура босқичларида хорижлик курсант, тингловчи ва докторантлар таҳсил олмоқдалар. Байрам арафасида Қирғиз Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ва Тожикистон Республикаси вазири номидан университетнинг бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлари эътироф этилиб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА