Устоз – келажак бунёдкори
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жамият тараққиёти, аввало, таълим ва тарбия, илм-фан ҳамда ёш авлоднинг қандай билим ва кўникмалар билан вояга етишига боғлиқ. Шу маънода, ўқитувчилик касби ёшларга билим бериш билан бирга, уларнинг дунёқараши ва ҳаёт йўлини шакллантиришдек юксак масъулиятни ҳам зиммасига олади.
[gallery-31717]
Мамлакатимизда таълим тизимини такомиллаштириш, педагогларнинг касбий ва илмий салоҳиятини юксалтириш, олий таълим муассасаларининг халқаро алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Наманган давлат педагогика институтида ҳам бу борада муайян натижаларга эришилмоқда. Айни пайтда даргоҳда 3 та факультет, 1 та олий мактаб, 10 та кафедра ва 7 та марказ фаолият юритиб, 500 нафардан ортиқ педагог-ходим меҳнат қилмоқда.
Уларнинг асосий вазифаси талабаларга замонавий билим бериш билан бир қаторда, мустақил фикрлайдиган, изланувчан, юксак маънавиятли ва жамиятда ўз ўрнини топа оладиган мутахассисларни тайёрлашдан иборат.
Замонавий таълимни халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашинувисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис институтда хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, илғор педагогик тажрибаларни ўқув жараёнига татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2025/2026 ўқув йилидан институтнинг ўқув жараёнига 33 нафар хорижий профессор-ўқитувчи ва мутахассис жалб этилди. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар ва соҳа мутахассисларидан 63 нафари хорижий хизмат сафарларига юборилди. Улар Малайзия, Туркия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Хитой, Чехия, Қирғизистон, Германия, Россия, Буюк Британия, Кипр ва Ҳиндистонда малака ошириш, стажировка ўташ, халқаро анжуман ва семинарларда иштирок этиш ҳамда тажриба алмашиш имконига эга бўлди.
Таълим сифати кўп жиҳатдан педагогнинг илмий ва касбий салоҳиятига боғлиқ. Замонавий ўқитувчи ўз фани бўйича чуқур билимга эга бўлиш билан бирга, мунтазам изланиши, илмий тадқиқотлар олиб бориши ва касбий маҳоратини ошириб бориши зарур.
Институт Ижтимоий фанлар факультети декани, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент Саидакбар Муталов фаолияти бу борадаги изланишларга мисол бўла олади.
Саидакбар Муталов 2024 йилда “Талабаларда лидерлик қобилиятини ривожлантиришнинг методологик-услубий асосларини такомиллаштириш” мавзусидаги диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлди. Жорий йилда эса “Педагогика назарияси. Педагогик таълимотлар тарихи” ихтисослиги бўйича доцент илмий унвонини олди.
Унинг илмий-педагогик фаолияти давомида 1 та дарслик, 2 та ўқув қўлланма, 1 та монография ҳамда халқаро ва республика миқёсидаги илмий журналларда 50 га яқин мақоласи чоп этилган.
Айни пайтда С. Муталов раҳбарлик қилаётган Ижтимоий фанлар факультетида 4 та кафедра ва 2 та марказ ўқув, илмий-инновацион, маънавий-маърифий ҳамда халқаро ҳамкорлик йўналишларида фаолият юритмоқда. Факультетда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида 3 минг 700 нафардан ортиқ талаба таҳсил олади.
Устознинг меҳнати самараси эса, аввало, унинг шогирдлари эришган натижаларда намоён бўлади. Бугун Наманган давлат педагогика институтида таълим олаётган минглаб ёшлар замонавий билим ва касбий кўникмаларни эгаллаб, келажакда турли соҳаларда фаолият юритишга тайёрланмоқда.
Зеро, устоз меҳнати — бугуннинг эмас, эртанги куннинг пойдеворини яратишга қаратилган шарафли ва масъулиятли меҳнатдир.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА