Туркиядан Ўзбекистонга туристлар оқими 15,1 фоизга ошган
Туризм қўмитасида Ўзбекистон ва Туркия туризм соҳаси раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда икки мамлакат ўртасида туризм алоқаларини янада кенгайтириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Буни сайёҳлар оқимидаги ўсиш ҳам яққол кўрсатмоқда.
2026 йилнинг январь–август ойларида Туркиядан Ўзбекистонга 130,1 минг нафар турист ташриф буюрди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,1 фоизга кўп. Натижада Туркия Ўзбекистон билан чегарадош бўлмаган давлатлар орасида мамлакатга энг кўп турист юбораётган учта давлат қаторига кирди. Мазкур рўйхатда Россия ва Хитой ҳам бор.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги тарихий-маданий муштаракликдан туризмни ривожлантиришда янада самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, Туркия ҳудудида сақланиб қолган “ўзбек карвонсаройлари”ни Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси билан боғлиқ туристик ва маданий марказларга айлантириш бўйича ҳамкорлик қилиш таклиф этилди. Бу ташаббус икки халқнинг тарихий алоқаларини кенг тарғиб этиш, маданий туризм йўналишларини бойитиш ва янги туристик маршрутларни шакллантиришга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Туркияда кенг тарғиб қилиш мақсадида қўшма медиа-лойиҳаларни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди. Хусусан, мамлакатнинг туристик имкониятларини турк сериаллари ва бошқа медиа маҳсулотларида намойиш этиш, шу орқали Ўзбекистон брендининг халқаро майдондаги танилишини ошириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишилди.
Музокаралар давомида ҳудудларда янги меҳмонхоналар ва туристик инфратузилма объектларини барпо этишга туркиялик инвесторларни жалб қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу борада икки томонлама инвестициявий ҳамкорликни кучайтириш, истиқболли лойиҳаларни тақдим этиш ва инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.
Учрашувда Туркиянинг Тошкент халқаро туризм ярмаркаси — TXTY-2026 тадбирида ҳамкор-давлат мақомида иштирок этиши бўйича ҳам келишувга эришилди. Бу икки мамлакатнинг туризм соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва янги шериклик алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим майдон бўлиши таъкидланди.
Учрашув якунида белгиланган йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни давом эттириш, қўшма лойиҳаларни аниқ механизмлар асосида илгари суриш ва икки мамлакат ўртасидаги туристик оқимни янада оширишга қаратилган чора-тадбирларни мувофиқлаштиришга келишилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА