Боғинавда замонавий кўча барпо этилмоқда
Денов тумани марказидаги Боғинав маҳалласининг Мустақиллик кўчаси ва “Саид Оталиқ” мадрасасигача бўлган йўлда кеча-кундуз замонавий хизмат кўрсатадиган йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Бунинг учун 9,8 миллиард сўм бюджет маблағи йўналтирилиб, замонавий инфратузилма яратилмоқда. Электр таъминоти яхшиланиб, теварак-атроф ободонлаштирилмоқда.

Янги лойиҳа доирасида иккита трансформатор пункти барпо этилиб, икки километр электр тармоғи тортилади. Ярим километр йўлга асфальт ётқизилиб, бир километр масофага лоток ётқизилади. Икки чақирим масофада саломатлик йўлаги қурилиб, суғориш тизими ташкил этилади ва ўттизта янги ўриндиқ, бир километр ёритиш тизими ўрнатилади.

Тамомила янги қиёфада бўй кўрсатадиган кўча кечаю кундуз маҳаллий аҳоли ва узоқ-яқиндан келган меҳмонларга турли хизматлар кўрсатадиган марказга айланади. Янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, қулай муҳит яратилади.

Мутахассисларнинг айтишича, лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, 150 та янги иш ўрни яратилиб, 25 миллиард сўмлик қўшимча даромад шаклланади. Бюджетга 5,3 миллиард сўм қўшимча маблағ тушади.

Денов - Сурхондарё вилоятидаги энг йирик туман бўлиб, 440 мингдан ортиқ аҳоли бор. Ҳудуднинг бой тарихи, меъморий ва археологик ёдгорликлари хорижлик қадимшунослар ва сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири