Минтақавий ҳамкорликнинг янги имкониятлари
Минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш фақат давлатлар ўртасидаги расмий алоқалар билан чекланмайди. Бу жараёнда ёш авлод вакиллари, хусусан, сиёсий ва жамоатчилик соҳасида фаолият юритаётган ёш етакчиларнинг ўзаро мулоқоти ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бугун ўзаро фикр алмашиб, ҳамкорлик ташаббусларини илгари сураётган ёшлар эртанги куннинг қарор қабул қилувчи ва минтақавий муносабатларни ривожлантирувчи кучидир.
Шу нуқтаи назардан, Тошкент шаҳрида Марказий Осиё ва Озарбайжон ёш етакчиларини бирлаштирган илк минтақавий дастурнинг ташкил этилгани алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сураётган Марказий Осиё давлатлари ўртасида яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш сиёсати бу каби ташаббуслар учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
“Юксалиш” ҳаракати ҳамда Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган дастурда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан 20 нафардан ортиқ ёш сиёсатчи, депутат, давлат хизматчиси ҳамда жамоат арбоблари иштирок этишди.
Дастурнинг асосий мақсади — минтақа ёш етакчилари ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш, умумий муаммоларга биргаликда ечим излаш ва истиқболли ҳамкорлик йўналишларини белгилашдан иборат. Шу боис учрашувлар фақат расмий мулоқотлар билан чекланмай, амалий ташрифлар, очиқ суҳбатлар ва фикр алмашувлар билан ҳам бойитилди.
Иштирокчиларнинг Бухоро вилоятига ташрифи ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилди. Хусусан, меҳмонлар йирик пахта-тўқимачилик кластери фаолияти билан танишиб, қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва экспортбоп тайёр маҳсулотлар яратиш жараёнлари ҳақида маълумот олишди.
Уларга пахта етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлаш, тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва ташқи бозорларга етказиб беришгача бўлган яхлит технологик занжир намойиш этилди. Бу орқали меҳмонлар Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва саноат интеграцияси, ишлаб чиқариш салоҳияти ҳамда миллий маҳсулотларнинг халқаро бозордаги ўрни ҳақида атрофлича тасаввурга эга бўлишди.
[gallery-32266]
Ташрифнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, Бухородаги амалий тажриба иштирокчиларга иқтисодий ҳамкорликнинг имкониятларини бевосита кўриш, ўзаро манфаатли алоқалар учун янги йўналишларни белгилаш имконини берди. Зеро, минтақавий ҳамкорликнинг самараси фақат келишувларда эмас, балки бир-бирининг имкониятларини англаш, тажрибаларни ўрганиш ва улар асосида аниқ ташаббусларни шакллантиришда намоён бўлади.
Меҳмонлар учун қадимий Бухоро шаҳрининг диққатга сазовор жойлари ва тарихий обидалари бўйлаб саёҳатлар ҳам ташкил этилди. Асрлар давомида турли халқлар, маданиятлар ва савдо йўллари туташган бу заминнинг бой тарихи, меъморий мероси ва миллий қадриятлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Бундай маданий мулоқот эса халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Умуман, мазкур минтақавий дастурнинг аҳамияти беш давлатдан келган ёшларнинг бир майдонда жам бўлгани билангина белгиланмайди. Энг муҳими, у давлатлараро муносабатларда янги авлод мулоқоти учун замин яратиб, ёш етакчиларни умумий мақсадлар атрофида бирлаштиришга қаратилгани билан эътиборлидир.
Келгусида иштирокчилар тармоғини кенгайтириш, мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш ва шу каби учрашувларни минтақанинг бошқа давлатларида ҳам ташкил этиш режалаштирилган. Бу эса бугунги танишув ва фикр алмашувлар эртага қўшма лойиҳалар, амалий ташаббуслар ва мустаҳкам шериклик муносабатларига айланиши учун имконият яратади.
Зеро, минтақанинг умумий келажаги ҳақида гап кетганда, ёшларнинг фикри, ташаббуси ва масъулияти алоҳида ўрин тутади. Бугун ўрнатилган ишончли мулоқот эртанги кун ҳамкорлигининг мустаҳкам пойдевори бўлиши мумкин.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари