Тўйларимиз ихчам, дабдабадан холи бўлиши кимга боғлиқ?
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ташкил этилган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солишга бағишланган матбуот анжуманида асосан шу савол атрофида баҳс-мунозаралар кечди.
– Ўтган йил Республика Маънавият ва маърифат маркази ва бошқа бир қатор ташкилотлар, жумладан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан тўй-маърака ва маросимларни тартибга солиш бўйича “маромийлик ҳаракати” бошланган эди, – деди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов. – Бу борада аҳоли ўртасида кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилди. Биргина жорий йил бошидан буён вилоятимиздаги маҳаллаларда 9700 га яқин тарғибот тадбири ўтказилди. Вилоят бўйича 4295 та тўй ва оилавий тантана, 12885 та маърака ва бошқа маросимлар қайд этилди. 1261 та маросимда белгиланган тартибларга риоя этилиши ўрганилганда 117 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди. Бу аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилишига қарамай, ҳалигача тўй-маъракаларда исрофгарчилик, дабдабага йўл қўйилаётганини кўрсатади. Албатта, кўпчилик тўйлар ихчам бўлишини истайди, лекин “одамлар нима дейди?” деган истиҳола, “бошқалар катта тўй қиляпти-ку” деган ўй билан ўзини ўзи қийин аҳволга солиб қўяди. Тарғибот ишлари ва маҳаллалар фаолларининг ҳамжиҳатлиги туфайли Тойлоқ туманида 27 та оилада камхарж ва намунавий тўйлар ўтказилди. Буни кенг тарғиб қилдик, лекин ҳар йили маҳаллаларда юзлаб тўйлар, маросимлар ўтказилишини ҳисобга олсак, бу жуда кам. Бизнинг мақсадимиз фақат тўй ва маросимларни назорат қилиш эмас, балки аҳоли ўртасида тежамкорлик маданиятини шакллантириш, оилаларни ортиқча харажат ва қарздорликдан асраш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлашдан иборат.
Матбуот анжуманида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, самарқандлик зиёлилар, маънавият тарғиботчилари мазкур масала юзасидан ўз фикрларини билдириб, Самарқандда тўй ва оилавий тантаналари бошқа ҳудудларга нисбатан дабдаба, ортиқча сарф-харажатлар билан ўтаётганини афсус билан қайд этдилар.

– Тўйнинг файзи дабдабада эмас, балки оиланинг тинчлиги, ёшларнинг бахтида эканлигини англаб етмаяпмиз, – деди Самарқанд давлат университети профессори Фарҳод Набиев. – Статистик маълумотлар вилоятимизда йилдан-йилга оилавий ажримлар сони ошиб бораётганини кўрсатмоқда. Бунинг сабаблари таҳлил қилинганда катта харажат билан тўй қилиб, оиланинг қийин иқтисодий аҳволга тушиб қолгани, қарзга ботгани ҳам оқибат сифатида қайд этилмоқда. Назаримда, бу борада маҳаллаларда ихчам тўйлар ўтказишни қўллаб-қувватлаб, буни кенг тарғиб этиш, айниқса, ёшларни камхарж тўй ўтказишга даъват этишимиз керак. Шунингдек, маҳалланинг кўзга кўринган кишилари, амалдорлар бу борада намуна бўлиши, айнан улар томонидан мавжуд тартибга зид ҳаракатлар кузатилса, кескинроқ чоралар кўрилиши зарур, деб ўйлайман.
– Маҳалламизда еттилик, жамоатчилик кенгашлари ва фаоллар билан биргаликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг тўйлар ва оилавий маросимларни ихчамлаштириш ҳамда тартибга солиш бўйича қўшма қарори талабларига риоя этилишини қатъий назорат қиламиз. Аза маросимлари динимизга ёт турли одатлардан холи тарзда ўтказилади. Тўйларни ҳам асосан, уйда, спиртли ичимликларсиз, ихчам ўтказишни йўлга қўйганмиз. Муҳими, халқимиз бунга рози, одамлар катта тўй қилиб, қарзга ботиб қолмаяпти, ҳар ким ўз имконияти даражасида тўй қилишга одатланмоқда, – дейди Самарқанд туманидаги Бўзи маҳалласи раиси Назир Аъзамов.

Матбуот анжуманидан сўнг тадбир иштирокчилари Тойлоқ тумани Янги ҳаёт маҳалласида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экишда иштирок этдилар.
Маълумотларга кўра, кузги мавсумда вилоятдаги 1063 та маҳаллада жами 2 млн 289 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши белгиланган. Бунинг учун жами 22 миллиард 891 миллион сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири