Сирдарёда Япония талаблари асосида ҳайдовчилар тайёрланади
Сирдарё вилоятида Япония меҳнат бозорида талаб юқори бўлган малакали ҳайдовчиларни тайёрлаш ва уларни иш билан таъминлашга қаратилган янги лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодировнинг Япониянинг «Onodera User Run» компанияси раҳбари Jun Жун Като билан учрашувида сўз борди.
Мулоқот давомида вилоятда ихтисослаштирилган ҳайдовчилар тайёрлаш марказини ташкил этиш, номзодларни халқаро талаблар асосида ўқитиш ва Японияда муносиб иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Лойиҳага мувофиқ, дастлаб 400 нафар, кейинчалик эса 1 000 нафаргача фуқарони Японияга ҳайдовчи сифатида ишга юбориш режалаштирилган.

Номзодлар етти ойлик махсус ўқув дастури асосида тайёрланади. Унда япон тили, йўл ҳаракати хавфсизлиги, транспорт воситаларини бошқариш ва амалий ҳайдовчилик кўникмалари ўргатилади. Ўқув курсини муваффақиятли тамомлаганлар япон иш берувчилари билан суҳбатдан ўтиб, ишга жойлаштириш учун юборилади.

Маълумот учун, «Onodera User Run» компанияси хорижий фуқароларни япон тили ва касбий йўналишлар бўйича тайёрлаш, уларни Япония меҳнат бозорига йўналтириш ҳамда ишга жойлаштириш соҳасида фаолият юритади.
Мазкур ҳамкорлик Сирдарё аҳолиси, айниқса, ёшларга халқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбни эгаллаш, Японияда ишлаш, тажриба орттириш ва барқарор даромад манбаига эга бўлиш имконини беради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири