Таълим сифати ва илмий салоҳиятни ошириш – долзарб масала
Таълим тизимини ислоҳ қилиш, педагог кадрлар тайёрлаш сифатини янги босқичга олиб чиқиш, олий таълим муассасаларининг илмий ва инновацион салоҳиятини юксалтириш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Президентимиз ташаббуси билан таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эса бу борада ҳар бир олий таълим муассасасининг зиммасига алоҳида масъулият юкламоқда.
Шу мақсадда Таълим ва илм-фан вазири ўринбосари Санжар Мирзалиев Бухоро давлат педагогика институтига ташриф буюриб, муассасадаги таълим жараёнлари, яратилган шарт-шароитлар ҳамда илмий-тадқиқот фаолияти билан яқиндан танишди.
Дастлаб институтнинг замонавий ўқув бинолари, дарс аудиториялари, ахборот-ресурс маркази ва лабораториялар фаолияти кўздан кечирилди. Талабаларнинг сифатли таълим олиши, назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаши учун яратилган имкониятларга эътибор қаратилди.
Шунингдек, ўқув машғулотлари жараёни кузатилиб, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.

Ташриф доирасидаги мулоқотларда таълим сифатини янада ошириш, ўқув жараёнига замонавий педагогик технологиялар ва инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот ишларининг самарадорлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Зеро, бугун педагогика олийгоҳлари фақат назарий билим берувчи муассаса эмас, балки замон талабларига жавоб берадиган, мустақил фикрлайдиган, касбий маҳорати юксак ва рақобатбардош педагогларни тайёрлайдиган муҳим интеллектуал маскан бўлиши лозим. Бу эса таълим мазмунини мунтазам такомиллаштириш, профессор-ўқитувчилар салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва илм-фан билан таълим интеграциясини мустаҳкамлашни тақозо этади.

Учрашув якунида институт фаолиятини янада такомиллаштириш, белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири