Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилоятида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва касалликларнинг олдини олиш мақсадида “Саломатлик марафони” оммавий тадбирига старт берилди.
Нурафшон шаҳрида шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда икки мингга яқин иштирокчи қатнашди. Марафон доирасида мотоциклчилар ва велоспортчилар иштирокида чиқишлар билан бошланган оммавий тадбирда “Ассалом тонг” бадантарбия ва нафас машқлари, шунингдек, “5000 қадам” оммавий юриши ташкил этилди. Иштирокчилар учун “Соғлом овқатланиш асослари” мавзусида кўргазма ҳам ташкил қилиниб, соғлом овқатланиш ва тўғри ҳаёт тарзи бўйича тавсиялар берилди.
Марафон доирасида тиббий кўрик ва скрининг текширувлари, профилактик тадбирлар ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган турли тадбирлар ташкил этилади.
***

Тошкент вилоятида пахта терими мавсуми олдидан муҳим вазифалар белгиланди. Бўка туманида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Х.Қорабоев ва масъуллар томонидан 2026 йил пахта ҳосилини уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишга тайёргарлик ҳолати ўрганилди.
Ўрганишлар давомида пахта майдонларининг теримга тайёрлиги, терим жараёнига жалб этиладиган ишчи кучи, пахта териш машиналари ва транспорт воситалари билан таъминланганлик ҳолати, шунингдек, етиштирилган пахта хомашёсини ўз вақтида қабул қилиш ва ташиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, теримчилар учун зарур шароитларни яратиш, пахта қабул қилиш масканларининг мавсумга тайёргарлигини таъминлаш ҳамда ҳосилни нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгиланди.
Шу билан бирга, жойларда пахта терими мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш, ҳосилни тўлиқ ва сифатли йиғиб олиш, терим жараёнида йўқотишларга йўл қўймаслик ҳамда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
***
Бекобод тумани “Боғишамол” МФЙ ҳудудида 104 гектар майдонни қамраб олган “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилмоқда. Лойиҳадан замонавий кўп қаватли уй-жойлар, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, савдо ва бизнес марказлари, меҳмонхона, яшил ҳудудлар ҳамда замонавий йўл инфратузилмасини ташкил этиш ўрин олган.

Мазкур ҳудудда замонавий “смарт шаҳарча” барпо этиш бўйича ҳам амалий ишлар бошланди. Жанубий Кореялик инвестор билан Бекобод тумани ҳокими биринчи ўринбосари Ф.Камолов ўртасида ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича меморандум имзоланди. Ҳамкорлик доирасида илғор технологиялар, “ақлли” инфратузилма, замонавий бошқарув тизимлари ва аҳоли учун қулай хизматларни жорий этиш режалаштирилган.
Янги мажмуа Бекободда замонавий шаҳарсозлик ва инсон учун қулай яшаш муҳитини шакллантириш йўлидаги муҳим лойиҳалардан бири бўлади.
А.Мусаев,ЎзА