Сурхондарёда мактаб маслаҳатчилари тажриба алмашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида мактаб маслаҳатчилари фаолиятини ривожлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва ҳамкорликни кучайтиришга бағишланган вилоят форуми ўтказилди.
Термиз давлат педагогика институтида ташкил этилган тадбирда “Келажак” марказлари масъуллари ҳамда вилоятнинг туман ва шаҳарларидан 250 нафарга яқин мактаб маслаҳатчиси иштирок этди.
Форумда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошпўлатов ўқувчиларнинг қизиқиш ва иқтидорини аниқлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, замонавий касбларга йўналтириш масалаларига тўхталди.
[gallery-31007]
Қайд этилганидек, 2026 йилда сурхондарёлик ўқувчилар халқаро фан олимпиадаларида 4 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритган. Форум доирасида математика фани бўйича халқаро олимпиадаларда юқори натижалар қайд этган ўқувчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, ёшларни IT, дастурлаш, робототехника, сунъий интеллект, хорижий тиллар, спорт ва санъат йўналишларига жалб этиш, мактаблар ва “Келажак” марказлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Форум якунида мактаб маслаҳатчилари фаолиятини такомиллаштириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда ўқувчилар учун янги имкониятлар яратишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА