Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилоятида эндокринология хизматини ривожлантириш мақсадида диспансер мутахассислари ҳудудларда қандли диабетнинг оғир асоратларидан азият чекаётган беморларга малакали жарроҳлик ёрдамини кўрсатмоқда.
Жумладан, Эндокринология диспансерининг малакали мутахассислари томонидан Оққўрғон туманидаги жарроҳлар билан ҳамкорликда беморларда мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Қандли диабетнинг 2-тури, диабет товон синдромининг нейропатик тури ташхиси қўйилган беморда “ўнг оёқ сон пастки олди-ён соҳаси флегмонасини очиш, некрэктомия ва тампонлаш” амалиёти бажарилди. Мутахассислар томонидан беморга жарроҳликдан кейинги парвариш, қандли диабет асоратларининг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиш бўйича зарур тавсиялар берилди. Бу каби амалий ёрдамлар ҳудудларда эндокринологик хизмат сифатини ошириш ва беморлар саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
***

Тошкент вилояти Халқ қабулхонасида фуқаролар учун навбатдаги қабул ташкил этилди. Унда масъуллар томонидан бандликни таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, уй-жой, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа долзарб масалалар юзасидан мурожаатлар кўриб чиқилди. Қўшимча ўрганиш талаб этадиган масалалар эса назоратга олинди.
Фуқаролар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш ҳамда аҳоли манфаатларини таъминлаш бундай қабулларнинг асосий мақсади экани алоҳида таъкидланди.
***

“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 30 ёшдан катта аҳоли ўртасида ўтказилаётган “Маҳалла лигаси” спорт мусобақаларининг Тошкент вилояти босқичи ташкил этилди. Унда барча шаҳар ва туманлардан жамоалар спортнинг стол тенниси, волейбол, стритбол, шахмат, шашка ҳамда мини футбол турлари бўйича ўзаро куч синашди.
Беллашувлар давомида иштирокчилар юксак спорт маҳорати, жамоавий ҳамжиҳатлик ва ғалабага бўлган интилишларини намойиш этди. Мазкур мусобақалар аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда оммавий спортни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Якунда ғолиб ва совриндор жамоалар тантанали равишда тақдирланиб, Республика босқичига йўлланмаларни қўлга киритдилар.
А.Мусаев,ЎзА.