Миграция соҳасида АҚШ билан ҳамкорлик масаласи кўриб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Ушбу мулоқот мамлакатимизда халқаро стандарт асосида йўлга қўйилаётган меҳнат миграцияси тизими, хорижий меҳнат бозорини диверсификация қилиш, номзодларни тайёрлаш, уларнинг ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланди.
Суҳбат давомида АҚШ қишлоқ хўжалигида ишлашга доир синов лойиҳаларининг бориши ҳамда ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Элчи қонуний меҳнат миграцияси жараёнида номзодларни ҳар томонлама пухта тайёрлаш муҳимлигини қайд этиб, уларнинг иш жойи, меҳнат ва яшаш шарти, кўзда тутилаётган харажат, кўрсатиладиган қўллаб-қувватлов ҳамда Ўзбекистонга қайтиш муддати бўйича тўлиқ хабардорлик зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, ҳужжатларни белгиланган талаб асосида расмийлаштириш, номзодларнинг виза ҳамда миграция тарихини олдиндан ўрганиш бўйича тавсия берилди.

Учрашув якунида Миграция агентлиги ва АҚШ элчихонаси консуллик хизмати ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, маълумот алмашиш ҳамда иш берувчилар билан суҳбат ўтказиш, ҳужжат топшириш жараёнини олдиндан мувофиқлаштириб бориш масалалари келишиб олинди. Ҳамкорликни босқичма-босқич ёндашув асосида ривожлантиришдан ўзаро манфаатдорлик эътироф этилди.
Г.Сатторова, ЎзА