Тошкент аэропортида болалар меҳнатига қарши акция ўтказилди
12 июнь — Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни муносабати билан Тошкент халқаро аэропортида ижтимоий акция ташкил этилди. Унда аэропортнинг турли хизматларида фаолият юритаётган ходимлар болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирувчи рамзлар туширилган кепка ва футболкаларда иш сменасига чиқди.
Акциядан кўзланган асосий мақсад жамоатчилик эътиборини ҳар бир боланинг хавфсиз болалик, сифатли таълим олиш ва эркин ривожланиш ҳуқуқига қаратишдан иборат. Тадбир орқали болалар меҳнатининг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз муносабатни шакллантириш ва бу борадаги хабардорликни оширишга алоҳида урғу берилди.

Ташаббус доирасида рўйхатга олиш агентлари, ер усти хизматлари ва ободонлаштириш бўлими ходимлари акцияда фаол иштирок этди. Шунингдек, аэропорт терминалларида ходимлар учун ахборот-тушунтириш тадбирлари ўтказилиб, болалар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро меъёрлар ҳақида маълумотлар берилди.

Таъкидланишича, “Uzbekistan Airports” тизимида болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклига нисбатан мутлақо муросасиз ёндашув амал қилади. Компания фаолияти халқаро стандартлар ва меҳнат ҳуқуқлари талабларига қатъий риоя этган ҳолда ташкил этилмоқда.

Мазкур акция янги Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб шароит яратиш ва болалар меҳнатига барҳам беришга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодаси сифатида баҳоланмоқда.

Муҳайё Тошқораева,
ЎзА