Тинчлик, адолат ва самарали давлат бошқаруви – барқарор ривожланишнинг муҳим омили
Олий Мажлис Сенатида “Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги” доирасида “Тинчлик, адолат ва самарали давлат бошқарувини таъминлашнинг замонавий ёндашувлари” мавзусида семинар ўтказилди.
Тадбирда тинчлик, адолат ва самарали давлат бошқаруви – мамлакат барқарор тараққиёти ва давлат институтларига жамоатчилик ишончини таъминловчи ўзаро узвий омиллардан экани таъкидланди.
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида ҳам ушбу масалаларга алоҳида ўрин берилган. Хусусан, 16-мақсад – “Тинчлик, адолат ва самарали институтлар” доирасида қонун устуворлигини таъминлаш, барча учун одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, коррупция ва порахўрликни қисқартириш, самарали, ҳисобдор ва шаффоф институтларни шакллантириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.
Мамлакатимиздаги ислоҳотлар “инсон – жамият – давлат” муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг халқ олдидаги масъулиятини оширишга қаратилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, давлат раҳбари томонидан тақдим этилган “Одил судлов - 2030” стратегияси суд-ҳуқуқ соҳасини янада такомиллаштиришда муҳим дастурий ҳужжат экани қайд этилди. Стратегияда 57 вазифа, 2026-2028 йилларга мўлжалланган 160 чора-тадбир ва 2030 йилга қадар эришилиши лозим бўлган 33 мақсад белгиланган.
Мазкур вазифалар судларни инсонга янада яқинлаштириш, одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, суд жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда ягона суд амалиётини шакллантиришга қаратилган.

Замонавий давлат бошқаруви самарадорлиги қабул қилинган қарорлар ёки амалга оширилган тадбирлар сони билан эмас, балки уларнинг аниқ натижаси ва инсон ҳаётига таъсири билан баҳоланади. Шу боис давлат органлари фаолиятини баҳолашда фуқаролар муаммоларининг ҳал этилиши, маъмурий тўсиқларнинг қисқартирилиши, давлат маблағларидан самарали фойдаланиш ва қарор қабул қилиш жараёнларининг очиқлиги муҳим мезондир.
Коррупция, экстремизм ва порахўрлик кўламларини қисқартириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Коррупция нафақат иқтисодий зарар, балки қонун устуворлиги, адолат ва давлат институтларига бўлган ишончга жиддий таҳдид экани таъкидланди.

Шу боис коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва жазолаш билан бир қаторда, коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш ва уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни бартараф этишга устувор аҳамият қаратиш зарур. Бунда ички назорат ва комплаенс тизимларини кучайтириш, коррупциявий хавфларни баҳолаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, давлат харидларининг очиқлигини таъминлаш ва рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда қатор давлат ва илмий-таълим муассасалари вакиллари иштирокида Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик, қонун устуворлиги ва самарали давлат бошқарувини таъминлашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Н.Абдураимова, ЎзА