Сўхлик ўқувчиларга байрам совғаси
Ҳаётий ҳақиқат шуки, аҳоли сони йилдан-йилга ёшлар ҳисобига ошиб боряпти. Бу воқелик аввало янги таълим муассасалари қуриш, мавжудларини қайта таъмирлаш ва кенгайтиришни тақозо этади.
Масалан, Сўх туманидаги Қақир маҳалласида 14-умумтаълим мактаби бор. Бугунгача бу ерда 1200 нафар ўқувчи атиги 624 ўринли синфларда таҳсил олар эди. Яъни дарслар тўлиқ икки сменада олиб борилган.


2026-2027 ўқув йилидан энди ҳаммаси бошқача бўлади. Давлат буюртмасига кўра эски бино мукаммал реконструкция қилинди, унинг таркибида янги ўқув биноси қурилди. Ҳозир мактаб синфларидаги ўқувчи ўрни 1044 тани ташкил этмоқда. Шундай қилиб, “Қақир” МФЙ ҳудудидаги ўқувчиларнинг 90 фоизи бир сменада ўқийдилар. Тушдан кейин эса 8 та йўналишдаги фан ва қизиқиш тўгаракларига қатнайдилар.

Янги ўқув биноси сўхлик болалар ва ота-оналар учун Мустақиллик байрамининг 35 йиллиги арафасида энг яхши совға бўлди.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА