Бутунжаҳон сув ҳафталиги: Ўзбекистон сув дипломатияси ва минтақавий ҳамкорликни илгари сурмоқда
Айни кунларда Швециянинг Стокгольм шаҳрида “Сув - инсонлар ва тараққиёт учун” мавзусида Бутунжаҳон сув ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Сув хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Стокгольм халқаро сув институти томонидан ташкил этилган тадбирда давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, илм-фан ва бизнес вакиллари иштирок этмоқда. Анжуманда сув тақчиллиги, иқлим ўзгариши, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув хавфсизлиги, рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш каби масалалар муҳокама қилинмоқда.
Ҳафталикда Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашяпти. “БМТнинг 2026 йилги Сув конференцияси: келажак барпо этиладиган макон” сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Тимур Бутунбоев мамлакатимизда сув соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, соҳани рақамлаштириш ва малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кейинги йилларда сув масаласи Ўзбекистонда давлат сиёсатининг стратегик устувор йўналишларидан бирига айланди. Сув ресурсларини бошқаришнинг янги ҳуқуқий ва институционал асослари яратилди.
Энг муҳими, Ўзбекистон сув масаласига нафақат ички иқтисодий ёки экологик муаммо, балки минтақада тинчлик, ўзаро ишонч ва умумий фаровонликни таъминлайдиган муҳим омил сифатида ёндашмоқда.

Ўзбекистон учун сув дипломатияси – тинчлик, ишонч ва умумий фаровонликни таъминловчи восита. Шу боис трансчегаравий сувлардан оқилона фойдаланиш, ишончли маълумотлар алмашинуви ва қўшма минтақавий лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди у.
Бутунжаҳон сув ҳафталиги доирасида Ўзбекистон делегацияси халқаро ташкилотлар вакиллари билан ҳам қатор учрашувлар ўтказди. Хусусан, SIWI ижрочи директори Хелена Тайбел, Европа комиссияси комиссари Жессика Рузвал ҳамда БМТ Университетининг Сув ресурслари, атроф-муҳит ва саломатлик институти директори, профессор Каве Мадани билан мулоқотлар ташкил этилди.
Учрашувлар давомида Ўзбекистоннинг 2027-2029 йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислиги доирасида минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, сув ресурсларини рақамли мониторинг қилиш, замонавий инфратузилмага инвестициялар жалб этиш, қўшма тадқиқотларни йўлга қўйиш ва соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Мулоқотларда мамлакатимизнинг сув соҳасини молиялаштириш бўйича тажрибаси ҳам хорижий ҳамкорларга тақдим этилди. Таъкидланганидек, 2026 йил якунига қадар сув соҳасига ажратиладиган маблағлар Давлат бюджети харажатларининг 4,2 фоизига етиши кутилмоқда. 2017-2025 йилларда сув хўжалигига йўналтирилган йиллик маблағлар қарийб тўрт баробарга, ичимлик суви таъминотига киритилган инвестициялар эса ўн баробарга ошган.
Буларнинг барчаси мамлакатда сув ресурсларини бошқаришга янгича ёндашув шаклланаётганини кўрсатади. Бугун сув тежамкор технологияларни кенгайтириш, соҳага инвестиция ва инновацияларни жалб қилиш ҳамда Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни кучайтириш Ўзбекистоннинг сув сиёсатида муҳим ўрин тутмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Бутунжаҳон сув ҳафталиги 27 август куни ўз ишини якунлайди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА