Тиббиёт: Ўзбекистон тажрибаси "Global Expo-2027" кўргазмасида намойиш этилади
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 150 дан ортиқ ариза орасидан саккизта халқаро кейсдан бири сифатида танлаб олинган
Ўзбекистоннинг бирламчи тиббий-санитария ёрдами жамоаларини такомиллаштириш бўйича тажрибаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё минтақасида тиббиёт соҳасидаги инсон ресурсларини мақсадли йўналтириш ташаббуси доирасида саккизта халқаро кейсдан бири сифатида эътироф этилди.
Мазкур лойиҳа Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Дублин университет коллежи ҳамда ЖССТнинг Европа ва Марказий Осиё бюроси билан биргаликда амалга оширилмоқда.
Дублин университет коллежи тадқиқотчилари ва ЖССТ экспертлари юртимизда тиббиёт ходимларининг янги роллари, кўп тармоқли ёрдам моделлари ҳамда рақамли инновациялар тиббий кадрлар салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш ва хизматлар сифатини оширишга хизмат қилаётганини ўрганди. Ўрганиш жараёнида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТнинг юртимиздаги ваколатхонаси ходимлари ҳамроҳлик қилди.
Тадқиқот гуруҳи аъзоларининг таъкидлашича, тиббиёт соҳасидаги инсон ресурсларини такомиллаштириш фуқаролар учун зарур тиббий ёрдамни айни вақтида, малакали мутахассисдан олиш, касбий ваколатларни оқилона тақсимлаш ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали амалга ошмоқда.
ЖССТ вакили Катал Морганнинг сўзларига кўра, ташкилот томонидан эълон қилинган минтақавий танловга 150 дан ортиқ ариза келиб тушган ва Ўзбекистон тажрибаси чуқур таҳлил учун энг муҳим саккизта кейс қаторига киритилган. Дублин университет коллежи вакили Дейрдре О'Доннелл бу тиббий хизмат кўрсатиш моделлари ислоҳоти кадрлар салоҳиятидан фойдаланишда амалий намуна эканини қайд этди.
Мутахассислар ушбу модель амалда қандай жорий этилгани, унинг кенг кўламда қўлланилишига туртки бўлган омиллар ҳамда бошқа мамлакатлар учун қандай ижобий тажриба бўлиши мумкинлигини ўрганиш мақсадида Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида бўлди. Меҳмонлар беморлар оқими, кўп тармоқли жамоалар фаолияти ва бирламчи бўғин ходимларининг иш жараёнини яқиндан кузатди.
Ўзбекистон тажрибаси ЖССТнинг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича тиббиёт соҳасидаги инсон ресурсларини такомиллаштиришга бағишланган минтақавий ҳисоботига киритилади. Бу бошқа давлатларга ҳам қандай ёндашувлар самарали натижа беришини тушунишга кўмак беради.
Мазкур муҳим тажриба Ирландиянинг Дублин шаҳрида бўлиб ўтадиган “Global Expo-2027” кўргазмасида кенг жамоатчиликка намойиш этилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА