“Aquatherm Tashkent 2026”: муҳандислик тизимлари бўйича янги ечимлар намойиш этилмоқда
Қурилиш ва инфратузилмада замонавий ечимларга эҳтиёж ортмоқда. Тошкентда очилган халқаро кўргазма энергия тежамкор муҳандислик тизимларининг сўнгги ютуқларини намойиш этиб, соҳа келажагига йўл очади.
Қурилиш ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш жараёнида иситиш, вентиляция, кондиционерлаш, сув таъминоти ва бошқа муҳандислик тизимларига бўлган талаб ортиб бормоқда. Айниқса, энергия тежамкор ва замонавий технологияларни жорий этиш бугунги кунда соҳанинг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Бу эса замонавий ускуналар ва илғор муҳандислик ечимларини намойиш этиш, соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш учун самарали мулоқот майдонларига эҳтиёжни оширмоқда.
Ана шундай майдонлардан бири сифатида бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Иситиш, вентиляция, ҳавони иситиш ва совутиш, сув таъминоти, сантехника, бассейнлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш технологиялари, муқобил энергия манбалари – Aquatherm®Tashkent-2026” халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group” томонидан ташкил этилган тадбирда 11 та давлатдан 200 дан ортиқ компания ва бренд ўз салоҳиятини тақдим қилмоқда.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директор ўринбосари Ойимхон Бобожонованинг қайд этишича, Ўзбекистон қурилиш ишларини жадаллаштирмоқда ва коммунал инфратузилмани модернизация қилмоқда.
– 2026 йилнинг январидан августгача қурилиш ишлари ҳажми 259,4 триллион сўмга етди (ўтган йилга нисбатан 11,8 фоизга ўсган), сув таъминоти ва канализация соҳасига инвестициялар сўнгги йилларда ўн баравар кўпайиб, 2,7 миллиард долларга етди. 2030 йилга келиб марказлашган сув таъминоти қамровини 90 фоизга етказиш учун яна 1,3 миллиард доллар жалб қилиш режалаштирилган. Янги ва модернизация қилинган бинолар ва тармоқлар иситиш, вентиляция, ҳавони кондиционерлаш, сув таъминоти ва бошқа муҳандислик ускуналарига доимий талабни шакллантиради. Айнан шундай имконият “Aquatherm Tashkent” кўргазмасида яратилган. Кўргазма дунёнинг турли мамлакатларидан ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчиларни бир майдонга бирлаштириб, Ўзбекистонда иқлим ускуналари ва муҳандислик тизимлари соҳасидаги замонавий ечимларни намойиш этиш учун муҳим платформа вазифасини бажармоқда, – деди О. Бобожонова.
“Aquatherm Tashkent 2026” кўргазмасида мутахассислар янги ускуналар, технологиялар ва етказиб берувчилар билан танишиш, шунингдек, тест-драйв ва маҳорат дарсларида иштирок этиш имконига эга.
Экспозицияда иситиш, вентиляция, кондиционерлаш, сув таъминоти ва канализация, сантехника, автоматлаштириш ҳамда бошқа муҳандислик тизимлари намойиш этилмоқда.
[gallery-31804]
Эътиборлиси, кўргазмада Германиянинг “Robert Bosch”, Хитойнинг “CNP”, “Akan Enterprise Group”, “Sprsun” ва “Outes”, Қозоғистоннинг “Alto Therm”, Ўзбекистоннинг “Aventos” каби компаниялари томонидан иситиш тизимлари, насослар, иссиқлик насослари, радиаторлар, вентиляция ва иқлим ускуналарини тақдим этиляпти.
“BAM”, “Teplovita” ва “MAP” брендларининг Ўзбекистондаги офиси вакили Шоҳруҳ Ҳотамовнинг таъкидлашича, 2019-2022 йиллардан бошлаб иссиқлик насослари мамлакатимизда кенг жорий этилмоқда. Ҳозирга қадар Ўзбекистон бўйича 450 тага яқин объектга ушбу ускуналар ўрнатилган.
– Иссиқлик насосининг асосий хусусияти шуки, бир қурилманинг ўзи иситиш, иссиқ сув таъминоти ва кондиционерлаш вазифаларини бажара олишидир. У электр ёки кўмир қозонларининг ўрнини босиши мумкин. Қурилмалар Ўзбекистон шароитига мослаштирилган бўлиб, тоғли ҳудудларда, ҳатто ташқи ҳарорат минус 35 даражагача тушган шароитда ҳам ишлай олади.
Ушбу технологиянинг яна бир муҳим жиҳати эса энергия сарфини сезиларли даражада камайтиришидир. Айрим ҳолатларда иситиш ва сувни иситиш учун сарфланадиган электр энергиясини 10 бараваргача тежаш имконини беради. Шу боис ундан хусусий уйлар, кўп қаватли бинолар, саноат объектлари ва дам олиш масканларида фойдаланиш мумкин.
Ҳозир офисимизнинг Андижон, Наманган, Тошкент, Чорвоқ, Ҳожикент, Самарқанд ва Тўрткўл ҳудудларида фаолияти йўлга қўйилган. Айниқса, Чорвоқ ва Ҳожикентдаги дала ҳовли ва дам олиш масканларида талаб юқори бўлиб, бу ҳудудларда 60 тага яқин объектга ускуналар ўрнатилган.
Иссиқлик насосларидан бассейнларни иситишда ҳам фойдаланиш мумкин. Масалан, ташқи ҳарорат минус 10-15 даража бўлганида ҳам бассейн сувини иситиш имкони бор. Дам олиш масканлари учун, энг муҳими, мижоз келган пайтда сув ва хоналар ҳароратини барқарор ушлаб туриш муҳим. Биз бу талабни иссиқлик насослари орқали таъминлаяпмиз, – деди у.
Таъкидлаш керакки, уч кун давом этадиган мазкур кўргазмада соҳанинг маҳаллий ва хорижий вакиллари ўртасида тажриба алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва замонавий муҳандислик технологияларини амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинади. Кўргазма доирасида ташриф буюрувчилар янги ускуналарни яқиндан кўриш, уларнинг имкониятларини баҳолаш ҳамда соҳадаги долзарб ечимлар билан танишиш имконига эга бўлади.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА