Термизда тунги махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди
Сурхондарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Термиз шаҳридаги буюм бозорида тунги махсус-тактик ўқув машқи ташкил этилди. Унда фавқулодда вазиятлар юзага келганда тезкор хизматларнинг ҳамкорликда ҳаракатланиши ва белгиланган вазифаларни бажаришга тайёргарлиги синовдан ўтказилди.
Аҳоли гавжум савдо масканларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, эҳтимолий фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини тезкор бартараф этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу эса масъул хизматлардан доимий шайлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва пухта амалий тайёргарликни талаб этади.
Шу мақсадда ташкил этилган машғулотлар давомида бозор ҳудудида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатлар шартли равишда моделлаштирилиб, масъул хизматларнинг ҳаракатлари амалда синовдан ўтказилди.
[gallery-32017]
Хусусан, шартли ёнғин содир бўлган вазиятда куч ва воситаларни ўз вақтида жалб этиш, ёнғин ўчириш бўлинмаларининг тезкор ҳаракатланиши, хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш ҳамда юзага келган ҳолатни қисқа муддатда бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, шахсий таркибнинг фавқулодда вазиятларда тўғри ва тезкор қарор қабул қилиш, белгиланган вазифаларни изчил бажариш ҳамда мавжуд куч ва воситалардан самарали фойдаланиш кўникмалари баҳоланди.
Тунги шароитда ўтказилган мазкур ўқув машқи масъул хизматларнинг шайлигини яна бир бор синовдан ўтказиш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва эҳтимолий хавф-хатарларга ўз вақтида муносабат билдириш кўникмаларини такомиллаштиришга хизмат қилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА