Наманганда оммавий диктант ўтказилди
Наманган давлат педагогика институтида “Саводхон ташкилот – саводли жамият” шиори остида оммавий диктант ўтказилди. Тадбир она тилимизга ҳурматни янада юксалтириш, давлат тилида иш юритиш маданиятини такомиллаштириш ва ёзма саводхонликни мустаҳкамлашга қаратилди.
Вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши, Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг вилоят бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда турли соҳа вакиллари иштирок этди.
Тадбирни вилоят ҳокимининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси И. Қўчқорова кириш сўзи билан очиб, давлат тилининг жамият ҳаётидаги ўрни, ёзма нутқ маданиятини юксалтириш ва саводхонликка эътиборни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Оммавий диктантда ҳокимликлар вакиллари, депутатлар, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, солиқ органлари ходимлари ҳамда журналистлар ўзларининг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тўғри ва саводли ёзиш кўникмаларини синовдан ўтказди.
[gallery-32045]
Мазкур ташаббус иштирокчиларнинг имло қоидаларига оид билимларини мустаҳкамлаш, ёзма нутқда адабий тил меъёрларига риоя этиш ва давлат тилида иш юритиш масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.
— Журналистларнинг оммавий диктантда иштирок этиши алоҳида аҳамиятга эга, - дейди “Тараққиёт мезони” газетаси муҳаррири Исроил Юсупов. — Чунки биз сўз орқали жамиятга ахборот етказамиз, жамоатчилик фикри шаклланишига таъсир кўрсатамиз. Шу боис журналист, аввало, ўзи саводли бўлиши, адабий тил меъёрларига қатъий амал қилиши зарур. Бундай тадбирлар касбий масъулиятимизни ошириш билан бирга, она тилимизнинг софлиги ва бойлигини асраб-авайлашга ундайди.
Таъкидлаш жоизки, бундай маърифий тадбирлар давлат тилининг нуфузини ошириш, жамиятда саводхонлик маданиятини юксалтириш ва она тилимизга бўлган ҳурматни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА