ОИВ инфекциясига ўзини-ўзи текшириш имконияти борлигини биласизми?
Контент марказида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова иштирокида ўтказилган брифингда ОИВга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2023 йил 20 январдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тегишли қарори билан аҳолининг турли қатламлари ўртасида касалликни эрта босқичларда аниқлашга қаратилган мақсадли ва мослаштирилган ўз-ўзини тестдан ўтказиш тадбирларини кенг жорий этиш белгиланган.
Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Республика ҳудудида жойлашган аҳоли гавжум жамоат жойлари, аэропортлар ва темир йўл вокзалларига таксоматлар ўрнатиш орқали аҳоли, хусусан мигрантлар учун ОИВга аноним тарзда юқори ишончли скрининг текширув ишларини самарали йўлга қўйиш имкониятини янада кенгайтириш кўзда тутилган.
– Айни вақтда таксоматлар Республика ОИТСга қарши курашиш маркази биноси, Тошкент шаҳридаги И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти, Андижон, Наманган, Сурхондарё, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Хоразм, Самарқанд, Фарғона вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси аэропортларига ҳамда Жиззах вилоятидаги Зомин санаторийсига ўрнатилди, – деди М.Саидова. – Шу кунга қадар 300 дан ортиқ фуқаро ушбу таксоматлар орқали сўлак тестлари ёрдамида ўз-ўзини ОИВ инфекциясига текширувдан ўтказди. Ушбу текширув фуқаролар учун бепул, қулай, махфий, ишончли, тезкор, тиббий ходим иштирокисиз ва ҳеч қандай инвазив аралашувларсиз хавфсиз тарзда ўтказилади. Бундан ташқари, тестни ўтказиш учун махсус лаборатория ускуналари талаб этилмайди. Ушбу усул, айниқса, игна ва қондан чўчийдиган, қон топширишда қийинчиликка дуч келадиган фуқаролар учун жуда қулай имконият яратади. Тестнинг яна бир муҳим афзаллиги — вақт тежалиши. Сўлак намунаси асосида тест натижаси тахминан 20 дақиқадан 40 дақиқагача олинади.
Мафтуна Саидованинг тушунтиришича, фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжатини сканер қилган ҳолда таксоматдан ОИВга ўз-ўзи текшириш учун сўлак тестини олади ва текширувни мустақил равишда амалга оширади. Бунда фуқаронинг махфийлигига алоҳида эътибор қаратилади. Тестдан ўтган шахснинг паспорти орқали идентификация маълумотлари электрон тизимга интеграция қилинган бўлиб, ушбу маълумотлардан фақат белгиланган тартибда фуқаро билан қайта алоқа ўрнатиш, тест натижаси бўйича зарур тиббий маслаҳат бериш ва кейинги тиббий хизматларга йўналтириш мақсадида фойдаланилади.
Таксоматдан фойдаланиш орқали сўлак тести ёрдамида тест натижаси мусбат бўлса, бу якуний ташхис эмас, фуқарога натижани тасдиқлаш учун лаборатория текширувидан ўтиш зарурлиги тушунтирилади ва кейинги тиббий ёрдамга йўналтирилади. Яъни, фуқаро ҳудудий ОИТС марказига мурожаат қилиб, қўшимча лаборатор текширувдан ўтади, ташхис тасдиқланса, ушбу фуқаро дарҳол худудий ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан бепул тиббий назоратга олинади ҳамда антиретровирус даволаш хизмати кўрсатилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА